Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президентини тақдирлади

Ўз навбатида Чо Чунг Вон ҳам Ўзбекистон раҳбарига федерация томонидан таъсис этилган олий шахсий мукофотни топширди.

Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президентини тақдирлади © Foto: president.uz

ЎзбекистонПрезиденти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрел куни ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида мамлакатда бўлиб турган Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вонни қабул қилди.

«Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда таэквондо билан мунтазам шуғулланувчилар сони деярли икки бараварга ошиб, 35 минг нафарга етди. Вакилларимиз Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ушбу спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни қўлга киритишди», - дея эслатган Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, учрашув давомида Чо Чунг Вон Ўзбекистонда спортни жадал ривожлантириш, ёшлар орасида жисмоний тарбияни тарғиб этиш, замонавий инфратузилмани яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган.

Суҳбат тафсилотлари

Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, профессионал спортчилар ва ҳакамларни тайёрлаш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, спорт тиббиёти борасида илғор тажрибаларни алмашиш ва нуфузли халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда мунтазам ўтказиш масалаларини муҳокама қилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти мамлакатда таэквондони оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси, спорт орқали жаҳон халқларининг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун Чо Чунг Вонни давлатнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган.

Чо Чунг Вон, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевга спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Бутунжаҳон таэквондо федерацияси томонидан таъсис этилган олий шахсий мукофот – Шон-шараф орденини топширди.

«Ушбу орден илк бор айнан давлатимиз раҳбарига тақдим этилгани, бу юртимизда спортни, хусусан, таэквондони ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат бериши таъкидланди», - дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid