Шавкат Мирзиёев Тони Блерни қабул қилди
Учрашувда Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
© Foto: prezident.uzЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июн куни Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэрни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Тони Блэр Янги Ўзбекистондаги изчил ва кенг кўламли трансформация жараёнларига юксак баҳо берган. Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва истиқболли ташаббусларни илгари суриш учун самарали халқаро майдон бўлгани айтилган.
Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, етакчи халқаро технологик компаниялар ва йирик стратегик инвесторларни жалб этиш ҳамда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, жумладан, илғор инновацион ечимларни жорий қилиш келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.





