Собиқ имом Одилхон Исмоилов 8 йилга қамалди
Тошкентда узоқ йиллар имом-хатиб бўлиб ишлаган, кейинчалик «Райхон» миллий таомлари тармоғини ташкил этган Одилхон Исмоиловга суд ҳукми ўқилди. Иш бўйича яна олти нафар шахс ҳам озодликдан маҳрум этилди.
© Odilxon Ismoilov / Foto: Xalqaro press klubЖиноят ишлари бўйича Поп туман суди «Райхон» миллий таомлари таъсисчиси Одилхон Исмоилов ва яна олти нафар шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, етти нафар судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 227-моддаси (ҳужжатларни эгаллаш, яшириш ва бошқа ҳаракатлар) ҳамда 228-моддаси (қалбаки ҳужжат тайёрлаш ва улардан фойдаланиш) бўйича айбдор деб топилди.
Одилхон Исмоиловга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд Жиноят кодексининг 62-моддасига мувофиқ унинг қамоқда сақланган вақтини ҳисобга олиб, ўташ учун 7 йил 11 ой 28 кун жазо қолдирди.
Қолган олти нафар судланувчига ҳам содир этган жиноий ҳаракатларидан келиб чиқиб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жиноят оқибатида етказилган моддий зарар судланганлардан солидар тартибда — биргаликда ундирилиши белгиланди.
Маълумот учун, Олий суд бу иш ҳақида 2026-йил январ ойида ахборот берган эди. Ўшанда Олий суд Одилхон Исмоилов ва яна олти нафар шахсга нисбатан анча кенг қамровли айбловлар, жумладан ўзлаштириш ва растрата, сохта тадбиркорлик, солиқдан бўйин товлаш, савдо қоидаларини бузиш, мансаб сохтакорлиги ҳамда қалбаки ҳужжатлар билан боғлиқ жами саккизта модда бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирган. ергов даврида Исмоилов ва яна тўрт нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш, бир нафар фигурантга эса гаров тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Якуний ҳукмга кўра эса суд Исмоилов ва бошқаларни Жиноят кодексининг 167, 209, 227 ва 228-моддалари бўйича айбдор деб топган. Дастлабки айбловда қайд этилган сохта тадбиркорлик, солиқдан бўйин товлаш ва савдо қоидаларини бузишга оид моддалар эса ҳукм ҳақидаги расмий ахборотда тилга олинмаган.
Бу айбловларнинг бекор қилингани, қайта малакалангани ёки бошқа процессуал сабаблар билан чиқариб ташланганига расмий изоҳ берилмаган.
Одилхон Исмоилов диний доираларда «Одилхон қори» номи билан танилган. У меҳнат фаолиятини 1998–1999 йилларда Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Умар» жоме масжидида имом-хатиб сифатида бошлаган. Кейин «Шайх Зайниддин» жоме масжидида имом ноиби, 2010-йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, 2011–2018-йилларда эса Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган.
2018-йилда у интернетда тасдиқланмаган хабарларни тарқатгани ва соғлиғи билан боғлиқ сабаблар туфайли лавозимидан озод этилган. Кейин «Вақф» хайрия жамоат фондида ишлаган, 2019-йилда «Хўжа Аламбардор» масжиди имом-хатиби этиб тайинланган. Шу йилнинг сентябрида соғлиғи сабабли ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этган ва шундан буён Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритмаган





