add

«Starlink» чеклови Россия қўшинлари ҳужумини секинлаштиргани ростми?

Kecha 18:572 daqiqa

Илон Маск компанияси чекловларидан кейин Украинада Россия қўшинлари ҳужум суръати пасайгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

«Starlink» чеклови Россия қўшинлари ҳужумини секинлаштиргани ростми?

Украинада Россия армиясининг ҳужум суръати «Starlink» терминалларига кириш чекланганидан кейин айрим йўналишларда секинлашган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Politico» нашри украиналик ҳарбий манбага таяниб хабар қилмоқда.

Манбага кўра, бундай тенденция фронтнинг алоҳида участкаларида қайд этилмоқда, аммо ҳозирча якуний хулосалар чиқариш эрта.

«Кузатувни давом эттириш керак, бу ҳолат сақланиб қоладими ёки бошқа омиллар пайдо бўладими, аниқлаш лозим», — деган у.

Маълум қилинишича, текширув жараёнида нафақат Россия бўлинмалари фойдаланган қурилмалар, балки рўйхатдан ўтказилмаган айрим украин ҳарбий тармоқлар ҳам вақтинча ўчирилган. Уларни расмий рўйхатдан ўтказиш жараёни ҳозир давом этмоқда.

Фронтга таъсир

Нашр суҳбатдошларининг айтишича, Россия қўшинлари ҳозир алоқа ва бошқарувда жиддий муаммоларга дуч келган. Украина Қуролли кучлари Бош штабидаги манбалардан бири Россия бўлинмаларини «кўзи боғланган ҳолатда қолган» деб таърифлаган.

«Starlink» алоқаси фронтда дронлардан фойдаланиш, разведка маълумотларини узатиш ва бўлинмалар ўртасида мувофиқлашув учун муҳим ҳисобланади. Ушбу тизимга кириш чекланиши Россия қўшинларининг ҳаракатини секинлаштиргани ҳақида хабарлар кўпаймоқда.

Украиналик манбаларнинг таъкидлашича, ҳозирги вазият тактик даражада сезиларли бўлиши мумкин, аммо стратегик таъсирни баҳолаш учун вақт талаб этилади.

Текширув сабаблари

Бу ҳафта Украина Мудофаа вазирлиги «SpaceX» билан ҳамкорликда «Starlink» терминалларини кенг кўламда текширишни бошлади. Россия қўшинлари сунъий йўлдош алоқасидан ноқонуний фойдаланиб, Украина энергетика инфратузилмасига дрон ҳужумларини амалга оширгани ҳақидаги маълумотлар бунга сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Илон Маск компанияси ушбу сигналлардан сўнг техник чоралар кўрилганини билдирган эди. Ҳозирги ҳолатда текширув натижалари фронтдаги вазиятга қандай таъсир кўрсатиши асосий кузатув мавзусига айланган.

Teglar

Mavzuga oid