Стоматология хизматлари нархлари бир йилда 5,1 фоизга ўсган
2025 йилда стоматология хизматлари нархлари ўсиши 5,1 фоизга тушиб, 2024 йилдаги 12,4 фоизлик суръатга нисбатан қарийб икки ярим баробар секинлашди.

2025 йилда Ўзбекистонда тиббий хизматлар бозорида нархлар сезиларли даражада ошди. Энг барқарор, аммо аҳоли учун муҳим йўналишлардан бири ҳисобланган стоматология хизматлари йил давомида ўртача 5,1 фоизга қимматлашган. 2024 йилда бу хизмат 12,4 фоизга ўсган эди.
Миллий Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, тиббиёт соҳасидаги бошқа хизмат турларида ҳам нарх ўсиши қайд этилган. Хусусан, тиббиёт лабораториялари хизматлари нархлари 10,3 фоизга ошган бўлиб, бу соҳа энг юқори қимматлашувни кўрсатган сегмент сифатида ажралиб турибди.
Амбулаторияда даволаш хизматлари нархлари ўртача 9,4 фоизга қимматлашган. Стационар даволаш ва реабилитация хизматлари сегментида эса нархлар 7,5 фоизга кўтарилган. Шу билан бирга, диагностика визуализацияси хизматлари нархлари ҳам 9,1 фоизга ўсган. Ўтган йили эса диагностика визуализацияси хизматлари 15,6 фоизга ўсиб, тиббий хизматлар ичида юқори кўрсатгични қайд этган эди.





