Logo

Суд Қамчибек Ташиев нима учун қамоққа жўнатилмаганини тушунтирди

Bugun 11:002 daqiqa

У кеча ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топилган эди.

Суд Қамчибек Ташиев нима учун қамоққа жўнатилмаганини тушунтирди

Қирғизистонда «75-лар хати» жиноят иши бўйича айбланувчилар, жумладан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев қамоқ жазосидан озод этилиб, уларга пробация назорати тайинлангани сабаблари маълум қилинди. Ҳукм ижросининг бундай кўриниши жиноят охирига етказилмагани ва фақатгина тайёргарлик босқичида қолгани билан изоҳланди. Бу ҳақда Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди маълум қилди.

Судланувчилар ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўришда айбдор деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бироқ суд томонидан уларнинг жиноий нияти қай даражада амалга ошгани ва шахсияти ҳисобга олиниб, маҳкумларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин, деган хулосага келинган. Қирғизистон Жиноят кодекси нормаларига асосан, уларнинг барчаси уч йиллик пробация назоратини қўллаган ҳолда жазони ўташдан озод қилинган.

«75-лар хати» ва сиёсий рейтингдаги ўзгаришлар

Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Тургунбек ўғли муддатидан олдин сайловлар ўтказиш чақириғи акс этган «75-лар хати»ни жорий йилнинг 9 феврал куни қабул қилиб олган. Эртаси куни Ташиев МХДҚ раҳбари лавозимидан озод қилинди, шундан сўнг мамлакатда қатор ишдан бўшатишлар ва ҳибсга олишлар бошланди. Ўшанда Тургунбек ўғли ҳам парламент спикери лавозимини тарк этган, кейинроқ эса депутатлик мандатидан ҳам маҳрум бўлган.

Халқаро республикачилар институти (IRI) сўровларига кўра, сўнгги йилларда Ташиевнинг сиёсий рейтинги 14 фоиздан 22 фоизга ўсган. Айни пайтда амалдаги президент Садир Жапаровга бўлган ишонч даражаси 35-38 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда.

Навбатдаги президентлик сайловлари 2027 йил январ ойида ўтказилиши керак. Ўша пайтда Жапаровнинг биринчи муддати тугайди, янгиланган Конституция эса унга яна бир муддатга ўз номзодини қўйиш имконини беради.

Teglar

Mavzuga oid