
Сумкадан ручкагача: Такаичининг шахсий жозибаси Япония сиёсатини ўзгартирмоқда
Япониянинг биринчи аёл бош вазири шахсий жозибаси ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги билан ўз сиёсатини ёшлар учун жозибадор қилиб кўрсата олди.

У тутадиган сумка сотувда қолмади, пушти ручкаси интернетда вирусдек тарқалди ва ҳатто севимли ширинликларига ҳам талаб ортди. Гап қайсидир поп юлдузи ҳақида эмас, Япония ҳукуматининг 64 ёшли раҳбари, мамлакатнинг биринчи аёл бош вазири Санаэ Такаичи ҳақида кетмоқда. У ёшлар орасида кутилмаган тарзда олқишланиб, сайловда катта ғалабани қўлга киритиши мумкин.
Сўровларга кўра, “sanakatsu”, яъни “sanamania”, Япониянинг биринчи аёл бош вазирига 8 феврал куни ўтказиладиган умумий сайловда аниқ мандат олиб келиши ва мамлакат иқтисодиётини турғун ҳолатдан чиқариш учун ваъда қилган сарф-ҳаражат режаларини амалга ошириш имконини бериши мумкин.
Шахсий машҳурлиги туфайли, унинг ҳукумат коалицияси 465 та депутатли қуйи палатада 300 тагача ўринни эгаллаши мумкинлиги айтилмоқда, бу эса олдинги бош вазирнинг сўнгги 15 ойда ҳар икки палатада ҳам назоратни йўқотиб, истеъфога чиқишидан кейин ажойиб ўзгаришдир.
Энг таажубланарли жиҳат шундаки, қатъий консерватив раҳбар 30 ёшдан кичик сайловчилар орасида жуда машҳур – яқинда ўтказилган бир сўровда бу 90 фоиздан ошган. Унинг умумий машҳурлиги эса тахминан 60 % атрофида.

Такаичи тутадиган 900 долларлик қора чарм сумкани тайёрловчи «Hamano» компанияси директори Такадори Кобаяши унинг маҳсулотини харид қилмоқчи бўлган ёшлар сони кўплигидан ҳайратда.
“Сумкани одатда қирқ ёшдан эллик ёшгача бўлган одамлар харид қилади. Лекин у машҳур бўлиб кетгандан сўнг, эҳтимол ижтимоий тармоқлар орқали, йигирма-ўттиз ёшдаги мижозлар қизиқиш билдирди” – дейди Кобаяши.

Шу билан бирга, у парламентда қайдлар учун ишлатадиган пушти шарикли ручкаси ва поездда кетаётганда деразадан кўрсатган ширинлик атрофида ҳам интернетда шовқин бўлди.
Ижтимоий тармоқ устаси
Такаичи ижтимоий тармоқларда нафақат иқтидордаги Либерал-Демократик партия (ЛДП) ичидаги, балки мухолифатдаги рақобатдошларидан ҳам кўпроқ обуначилар йиғди. Унинг «X»да тахминан 2,6 миллион мухлиси бор, асосий мухолифат партияси раҳбари Ёсихико Нодада эса бу кўрсаткич тахминан 64 минг.
«NHK» оммавий телерадиокомпанияси томонидан 2 феврал куни эълон қилинган сўров натижаларига кўра, Такаичининг шахсий мақуллаш даражаси анъанавий равишда эркаклар бошчилигида бўлган ЛДПникидан қарийб икки баробар юқори.

Унинг вирус каби тарқалаётган постлари Япониянинг одатда тўхтамли сиёсатидан ажралиб туради. Масалан, Жанубий Корея президенти Ли Же-Мён билан «Netflix»даги K-Pop хит қўшиғи «Golden»ни барабанда ижро этгани ёки Италия бош вазири Жоржия Мелонини италян тилида “Туғилган кунинг билан” қўшиғи билан қутлагани катта эътибор тортди.

19 январ куни муддатидан олдинги сайловни эълон қилар экан, Такаичи овоз беришни ўз раҳбарлиги ва сиёсатига, жумладан молиявий кенгайтириш ҳамда Хитойнинг тобора кучайиб бораётган ҳарбий қудратига қарши мудофаани мустаҳкамлаш режаларига оид де-факто референдум сифатида тақдим этди.
«Санаэ Такаичига мамлакатни бошқаришни ишониб топшириш мумкинми? Мен халқдан бевосита шуни баҳолашни сўрайман», – деди у.
Токио шаҳридаги София университети сиёсий фанлар профессори Коичи Наканонинг айтишича, Такаичи сайловчилар ва сиёсатчиларни «амалда анча президентлик услубидаги қўллаб-қувватлаш (мандат) олишга қаратилган сайлов» ўтказиб, ҳайратда қолдирган.

Такаичининг ушбу ёндашуви Токионинг марказида жойлашган, аниме ва ўйин маданияти маркази ҳисобланган Акихабарада ўтган илк сайлов митингида қатнашган 32 ёшли офис ходими Харука Окуюамани ҳам ўзига ром этди.
“Ҳозир кўплаб ёшлар ижтимоий тармоқларни кузатади, ва менимча, улар орасида консерватив фикрлаш ҳам ортиб бормоқда”, – деди Окуюама, сумкасидан журнал чиқариб.
Унинг айтишича, у журнални айнан муқовасида Такаичининг сурати бўлгани учун сотиб олган.

Акихабара вокзали ёнидаги сайлов юк машинаси устида туриб нутқ сўзлаган Такаичи, Япония сиёсий элитасидан ташқарида ўта оддий муҳитда ўсгани ҳақида гапириб, сўзининг орасида салонлардаги нархдан тортиб миграцияни назорат қилишгача бўлган мавзуларга тўхталди.
Онаси полиция ходими, отаси эса автомобил компаниясида ишлаган Такаичи Британиянинг биринчи аёл ва замонавий тарихда энг узоқ муддат хизмат қилган бош вазири – дўкончи қизидан мамлакат раҳбарига айланган Маргарет Тэтчердан илҳом олганини айтган.
“Унинг гапириш услуби аниқ ва қатъий. У очиқ ва ижобий тарзда мулоқот қилади, ва менимча, ана шу энергия ёшлар билан ҳамоҳанг тус олади”, – деди тадбирда япон қоғоз байроқларини тарқатишга кўнгилли бўлган 24 ёшли котиблик ходими Такео Фужимура.
Шахсият қудрати
Митингда қатнашганларнинг ҳаммаси ҳам ўз қарорини ҳали қабул қилмаганди. Масалан, 37 ёшли оила бошлиғи Томоми Кавамура Такаичининг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маҳоратини ҳурмат қилишини, аммо кимга овоз беришни ҳали ҳал қилмаганини айтди. Унинг асосий ташвиши нархлар ошиши бўлиб, бошқа сайловчилар орасида ҳам шунга ўхшаш хавотирлар бор эди: иенанинг қиймати тушиши – қисман Такаичининг ваъда қилинган молиявий кенгайиши таъсири билан – инфляцияни кучайтиради.
“Нархлар жуда юқори. Бу борада бирор нарса қилишини хоҳлайман”, – дейди Кавамура.
Баъзи таҳлилчилар бош вазир жалб қилган ёшлар етарли даражада овоз бериб, сайловларда кутилган катта ғалабани таъминлай олишига шубҳа қилмоқда. Ёшлар анъанавий равишда ЛДПнинг урушдан кейинги даврдаги деярли узлуксиз ҳукмронлигини қўллаб келган катта ёшлиларга қараганда овоз беришда камроқ фаол бўлган.

«The Asia Group» стратегик маслаҳат компаниясининг етакчи ҳамкори Дэвид Болингнинг айтишича, ҳатто камтарона ғалаба ҳам Такаичининг шахсий жозибаси ҳокимиятни узоқ йиллар давомида қўлда ушлаб келган, аммо сўнгги пайтларда мавқеи тез сусаяётган партия тақдирини якка ҳолда қайта тиклаганини яққол кўрсатади.
“Унинг шахсий қудрати сиёсат чегараларидан ошиб кетаётгандек туюлади”, – дейди у.





