add

Сунъий интеллект энг кўп таъсир қиладиган касблар маълум бўлди – тадқиқот

Bugun 17:403 daqiqa

«Microsoft» тадқиқотига кўра, таржимонлик, журналистика ва таҳлилга асосланган касблар сунъий интеллект таъсирига энг яқин соҳалар қаторига киради. Шунингдек, тадқиқотда олий таълим ва диплом аҳамияти ҳақида ҳам сўз боради.

Сунъий интеллект энг кўп таъсир қиладиган касблар маълум бўлди – тадқиқот

Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши меҳнат бозорида жиддий ўзгаришларни юзага келтирмоқда. «Microsoft» эълон қилган янги тадқиқотда сунъий интеллект энг кўп таъсир қилиши мумкин бўлган 40 та касб рўйхати шакллантирилди. Мутахассислар мазкур рўйхатда тарихчилар, таржимонлар, ёзувчилар ва савдо соҳаси вакиллари «энг хавф остидаги» касблар сифатида кўрсатилганини таъкидламоқда.

Бу касблар нега хавф остида?

Microsoft тадқиқотчилари томонидан ўтказилган таҳлилга кўра, ушбу касбларда бажариладиган вазифалар генератив сунъий интеллектнинг ҳозирги имкониятларига энг мос келади. Хусусан, матн билан ишлаш, маълумотни таҳлил қилиш, таржима, ёзиш ва коммуникацияга асосланган вазифалар сунъий интеллект орқали қисман ёки тўлиқ автоматлаштирилиши мумкин.

Шу билан бирга, компания юқори қўлланилиш бу касблар автоматик равишда йўқолиб кетишини англатмаслигини таъкидлаган. Аммо амалда айрим иш берувчилар янги ходимларни ёллашни чеклаб, ишчи штатни қисқартиришга ўтмоқда.

kasb 1

Сунъий интеллект энг кўп таъсир қиладиган 40 та касб

Тадқиқотга кўра, сунъий интеллект таъсири юқори бўлган касблар орасига оғзаки ва ёзма таржимонлар, тарихчилар, ёзувчилар ва муаллифлар, шунингдек журналистлар, муҳаррирлар ва техник ёзувчилар киради. Шу билан бирга, хизматлар бўйича савдо вакиллари, мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари, телефон операторлари, телемаркетологлар ҳамда PR ва реклама савдо агентлари ҳам ушбу тоифага киритилган.

Бундан ташқари, борт кузатувчилар, билет ва сайёҳлик агентлари, радиобошловчилар, брокерлик клерклари ҳамда жамоат хавфсизлиги алоқа операторлари сунъий интеллект таъсирига кўпроқ дуч келиши мумкин. Математиклар, маълумотлар таҳлилчилари, молиявий маслаҳатчилар, янги бухгалтерлар, бошқарув ва бозор таҳлилчилари ҳам мазкур рўйхатдан ўрин олган.

Шунингдек, архивчилар, веб-дастурчилар, географлар, моделлар ҳамда олий таълимда иқтисодиёт, бизнес ва кутубхонашунослик фанлари ўқитувчилари ҳам сунъий интеллект таъсири юқори бўлган касблар қаторида қайд этилган.

Сунъий интеллект таъсири кам бўлган касблар

Тадқиқотда сунъий интеллект таъсири нисбатан паст бўлган ТОП-10 касб ҳам келтирилган. Уларга қум қазиш ускуналари операторлари, кўприк ва шлюзларга хизмат кўрсатувчи ходимлар, сув тозалаш иншоотлари операторлари, темирйўл ускуналари операторлари, полни силлиқлаш машиналари операторлари, санитарлар, моторли қайиқ операторлари ҳамда ўрмон хўжалиги техникаси операторлари киради.

Мутахассислар бу касблар жойида жисмоний ускуналар билан бевосита ишлашни талаб қилгани учун генератив сунъий интеллект уларга ҳозирча жиддий таъсир қила олмаслигини қайд этмоқда.

kasb 2

Меҳнат бозоридаги тенденциялар

Тадқиқот муаллифларига кўра, АҚШда тахминан 5 миллион нафар мижозларга хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаси ходимлари ҳам сунъий интеллект билан рақобатлашишга мажбур бўлади.

Шу билан бирга, «IBM», «Amazon» ва бошқа йирик компаниялар сунъий интеллект ёрдамида иш ўринларини қисқартириш ёки янги лавозимларни музлатиб қўйишини очиқ эълон қилмоқда. «Indeed» маълумотларига кўра, иш берувчилар харажатларни камайтириш мақсадида сунъий интеллектдан фаол фойдаланмоқда.

Олий таълим ва диплом масаласи

Тадқиқотчилар таъкидлашича, бир вақтлар ишончли кафолат ҳисобланган олий маълумот эндиликда меҳнат бозорида мутлақ устунлик бермаслиги мумкин. Генератив сунъий интеллект паст малакали жисмоний меҳнатга қараганда, аксинча, бакалавр даражасини талаб қиладиган ақлий меҳнат касбларига тезроқ мослашаётгани аниқланган. Шу боис, сиёсатшунослар, журналистлар ва бошқарув таҳлилчилари каби касблар яқин келажакда жиддий трансформацияга учраши мумкин.

Мутахассислар фикри

«Microsoft»нинг катта илмий ходими Киран Томлинсоннинг айтишича, тадқиқотнинг мақсади иш ўринларини йўқ қилиш эмас, балки сунъий интеллект иш усулларини қандай ўзгартиришини англашдан иборат. «Nvidia» бош директори Женсен Ҳуанг эса сунъий интеллект ҳар бир касбга маълум даражада таъсир қилишини таъкидлаб, ундан фойдалана олмаслик хавфли эканини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid