Сунъий интеллект глобал савдо ҳажмини 40 фоизга оширади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг «Осиё учун рақамли магистрал» ташаббусига қўшилиши ва Тошкентда унинг минтақавий марказини очиш режалари билдирилди.

Сунъий интеллект глобал савдо ҳажмини 40 фоизга оширади © Prezident matbuot xizmati

Жаҳонда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект иқтисодиётнинг барча соҳаларида янги босқични бошлаб бермоқда. Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига глобал савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президент Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилишининг очилиш маросимидаги нутқида маълум қилди.

200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда

Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатда инновация ва билимларга асосланган сунъий интеллект хабини ташкил этиш ишлари бошланган. Ҳозирда иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларда дата марказлар, суперкомпютерлар ва сунъий интеллект лабораторияларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари»ни тайёрлаш дастури орқали кадрлар салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.

«Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман», – деди Президент.

Шунингдек, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги, экология ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда очиқ сунъий интеллект моделларини жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Бу аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Президент Осиё тараққиёт банки ҳомийлигида ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини кенгайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг «Осиё учун рақамли магистрал» ташаббусига қўшилиши ва Тошкентда унинг минтақавий марказини очиш режалари билдирилди.

Сунъий интеллект энергияга талабни кескин оширмоқда

Жаҳонда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши энергия ресурсларига бўлган талабни кескин оширмоқда. Айниқса, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайдиган дата марказлар электр энергиясининг асосий истеъмолчиларидан бирига айланмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб, дата марказларнинг электр энергиясига бўлган талаби ҳозиргига нисбатан 2–3 баробарга ошади.

Ўзбекистон ҳам мазкур тенденцияни ҳисобга олган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатда дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда умумий қуввати 5,6 минг MW бўлган шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилди. Бу орқали электр энергияси ишлаб чиқаришда «яшил» энергия улуши 30 фоизга етказилди.

Ҳукумат 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 54 фоизгача оширишни режалаштирмоқда. Бу эса нафақат ички эҳтиёжни қондириш, балки экспорт салоҳиятини ҳам кучайтириш имконини беради.

Teglar

Mavzuga oid

Сунъий интеллект глобал савдо ҳажмини 40 фоизга оширади | Vaqt.uz