Сурхондарё ҳокимларига инвестиция ҳажмини 3 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди
Президент Сурхондарё вилоятидаги раҳбарларга инвестиция, экспорт ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ кўрсаткичларни белгилб берди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда вилоят ҳокими ва туман ҳокимлари олдига жорий йилда инвестициялар ҳажмини 3 миллиард долларга, экспортни эса 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Ҳудуддаги камбағаллик даражаси
Йиғилишда ҳудудда камбағаллик даражасини 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработ туманларини «камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд»га айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Сўнгги тўққиз йилда вилоят иқтисодиётида саноат улуши 5 баробар ўсиб, 10 фоизга етгани қайд этилди. Бироқ бу кўрсаткич ҳали ҳам етарли эмаслиги таъкидланиб, саноатни жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.
Кўмир қазиб олиш конлари
Вилоятда 100 миллион тонна кўмир захираси мавжуд бўлса-да, ҳозирча йиллик қазиб олиш ҳажми атиги 1 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилда Бойсундаги «Санжар» ва Олтинсойдаги «Оқсув», келаси йил эса «Фангарт» конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди.
Жанубий Африканинг «Сосол» компанияси кўмирдан полипропилен, полиэтилен ва каучук ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. Шунингдек, Сариосиёдаги «Қоракон», «Жемсонит», «Чуқур», «Байрам-1» конларига хитойлик инвесторлар 1 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр экани маълум қилинди.
Бу захиралар электроника, қурилиш материаллари, кимё, металлургия ва автомобилсозлик тармоқлари учун мустаҳкам хомашё базасини яратади. Президент конлар атрофида саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоблар қилиб, камида 200 миллион долларлик лойиҳалар шакллантиришни топширди.
Шунингдек, Бойсундаги «Безактоп» конида табиий тош захираларини ўрганиш ишларини бошлаш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу тошлар сифати Эрон, Туркия ва Италия маҳсулотлари билан рақобатлаша олиши қайд этилди.





