Logo

Тарихдаги энг йирик IPO: «Anthropic» «SpaceX» рекордини янгилади

Kecha 16:054 daqiqa

Сунъий интеллект гиганти бозордаги шов-шувли дебютида акциялар нархини 83 доллардан белгилади.

Тарихдаги энг йирик IPO: «Anthropic» «SpaceX» рекордини янгилади © Dado Ruvic/Illustration/Reuters

«Anthropic» компанияси тарихдаги энг йирик бирламчи оммавий таклиф (IPO) орқали 81,3 миллиард доллар жалб қилди. Шу тариқа компания июн ойида 75 миллиард доллар билан бозорга чиққан «SpaceX» рекордини ортда қолдирди.

Сан-Францискода жойлашган сунъий интеллект гиганти 18 ноябр куни кечқурун расмий баёнот берди. Унга кўра, компания ва унинг етти нафар ҳаммуассиси ҳар бири 83 доллардан 980 миллион дона акция сотган. Инвесторларнинг акцияларга бўлган талаби прогнозлардан анча юқори бўлгани сабабли IPO ҳажми кутилганидан каттароқ чиқди. Ўтган ҳафтада «Anthropic» корпоратив ҳужжатларда 70–78 доллар оралиғидаги нархда 825 миллион дона акция таклиф этишни режалаштираётганини билдирган эди.

Компания хусусий жойлаштириш орқали инвесторларга акция сотиб, яна 26 миллиард доллар жалб қилиши кутилмоқда. Натижада жалб қилинган жами капитал 107,3 миллиард долларга етади. Таққослаш учун, «SpaceX» компаниясининг IPO орқали жалб қилган умумий маблағи 85,7 миллиард долларни ташкил этган эди.

Ушбу шов-шувли таклиф «Anthropic» компаниясининг бозор қийматини тахминан 1,5 триллион долларга етказди. Жорий баҳолашларга кўра, у «Tesla» компаниясидан кейинги ўринда турувчи дунёнинг ўн иккинчи энг йирик компаниясига айланди.

«ANT»

«Anthropic» акциялари бугун, 19 ноябр куни Ню-Йоркдаги «Nasdaq» фонд биржасида «ANT» тикери остида савдога чиқарилади.

2021 йилда «OpenAI» компаниясининг собиқ тадқиқотчилари томонидан асос солинган «Anthropic»нинг оммавий листинги диққат билан кузатилмоқда. У сунъий интеллектни жорий этишда етакчилик қилаётган технология компанияларининг юқори баҳоланиши учун ўзига хос синов вазифасини ўтамоқда. Технология гигантлари сунъий интеллект бизнес ва жамиятда инқилобий ўзгаришлар ясашига умид қилиб, соҳага триллионлаб доллар сармоя киритмоқда.

«Gartner» таҳлил компанияси маълумотларига кўра, сунъий интеллект билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда 2,7 триллион долларга, 2027 йилда эса 3,6 триллион долларга етиши прогноз қилинмоқда. Илғор технологияларга сармоя тикаётган компаниялар ҳозирда S&P 500 индекси қийматининг қарийб ярмини ташкил этади. Харажатларнинг бундай шиддатли ўсиши бозорда жиддий баҳсларни келтириб чиқарди: йирик компаниялар келажакдаги олтин конини молиялаштиряптими ёки 2000 йилдаги дотком инқирозидан олдинги каби спекулятив пуфакни шиширяптими?

«Nvidia»

«Anthropic» листинги чип гиганти «Nvidia» атрофидаги жосуслик даъволари туфайли бозор босим остида қолган бир пайтга тўғри келди. Ўтган ҳафта «Nvidia» асосчиси ва бош директори Женсен Хуанг ўзи билан ишқий муносабатда бўлган аёл Хитой разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилгани ҳақидаги тасдиқланмаган даъволар фонида истеъфога чиқди.

Ушбу можаро АҚШда Хитойнинг юқори технологияли чипларга киришини янада қаттиқроқ чеклашга бўлган чақириқларни кучайтирди. Бу эса қисман хитойлик дастурчиларнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги маълумотлар марказларига масофадан кириши ҳисобига сақланиб турган сунъий интеллект бумига соя солди.

Технологик компаниялар улуши юқори бўлган «Nasdaq Composite» индекси сўнгги бир ой ичида ўз қийматининг қарийб 7,6 фоизини йўқотди. Бунга асосан «Nvidia» акциялари нархининг 30 фоиздан кўпроққа тушиб кетиши сабаб бўлди. «Anthropic» атрофидаги шов-шувга қарамай, сунъий интеллект соҳасига боғлиқлиги юқори бўлган Осиё фонд бозорлари пайшанба куни пасайиш билан очилди: Жанубий Кореянинг «Kospi», Гонконгнинг «Hang Seng» ва Тайваннинг «Taiex» индекслари эрталабки савдоларда пастлади.

«Claude» ортидаги компания қандай қилиб 1,5 трлн долларлик баҳога етди?

«Anthropic» 2021 йил январда сунъий интеллект соҳасида тадқиқотлар олиб борган етти нафар мутахассис томонидан ташкил этилган. Компаниянинг бош директори Дарио Амодей, президенти ва бошқарув кенгаши раиси эса Даниэла Амодей ҳисобланади.

Компаниянинг асосий маҳсулоти — «Claude» сунъий интеллект модели. У матн яратиш, дастурлаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва турли интеллектуал вазифаларни бажариш учун ишлатилади. «Claude»нинг оммавий тижорий версияси 2023 йил биринчи чорагида ишга туширилган.

«Anthropic» дастлаб сунъий интеллект хавфсизлиги ва илғор моделларни ривожлантиришга ихтисослашган тадқиқот лабораторияси сифатида фаолият бошлаган. Кейинчалик компания бизнес мижозлари учун моделлар, дастурлаш платформалари ва корпоратив хизматларни ҳам таклиф қила бошлади.

Компаниянинг АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига тақдим этган IPO ҳужжатларидаги маълумотлар унинг даромади тез суръатда ўсганини кўрсатади:

Давр

Даромад

2023 йил

41 млн доллар

2024 йил

386 млн доллар

2025 йил

4,6 млрд доллар

2026 йилнинг январ–сентябр ойлари

33,2 млрд доллар

Шундай қилиб, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойидаги тушум ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 206 фоизга ошган. 2025 йилдаги йиллик даромад билан солиштирганда ҳам ўсиш суръати юқори бўлган.

Компания корпоратив мижозлар сонини ҳам кўпайтирган. 2026 йил 30 сентябр ҳолатига кўра, «Anthropic»нинг охирги 12 ойда камида 100 минг долларлик даромад келтирган 11 900 дан ортиқ мижози бор. Бир йил аввал бундай мижозлар сони 950 нафардан сал кўпроқ бўлган.

Шунингдек, 1 млн доллардан ортиқ даромад келтирган мижозлар сони 1 900 нафардан, 10 млн доллардан ортиқ даромад келтирганлари эса 250 нафардан ошган.

Бу кўрсаткичлар «Claude»дан фойдаланиш нафақат оддий истеъмолчилар, балки йирик компаниялар орасида ҳам кенгаяётганини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid