«Uzbekistan Airways» қаторида яна тўртта компаниянинг IPO жараёнлари кечиктирилди
Жорий йил охиригача хусусийлаштирилиши режалаштирилган бешта йирик давлат корхонаси ва банкнинг акцияларини IPO орқали сотиш 2027–2028-йилларга қолдирилмоқда.
© simpleflying.com2026-йилнинг иккинчи ярмида IPO орқали сотилиши режалаштирилган «Uzbekistan Airways» акцияларини жойлаштириш 2027-йилга кўчирилиши ҳақида аввалроқ маълум қилинган эди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бунга компанияни IPO жараёнига пухта тайёрлаш ва зарур трансформация чораларини амалга ошириш сабаб бўлаётганини билдирган.
Эндиликда бошқа тўртта давлат корхонаси ва банк акцияларини ҳам халқаро капитал бозорига чиқариш муддатлари 2027–2028-йилларга белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 5-ноябрдаги хабарига кўра, IPOга тайёрланаётган ташкилотлар рўйхатига қуйидагилар киритилган:
● «Uzbekistan Airways»;
● «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»;
● «Ўзбекгидроэнерго»;
● «Ўзбектелеком»;
● «Ўзсаноатқурилишбанк».
Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирда ушбу ташкилотларни трансформация қилиш ва халқаро капитал бозорларига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Халқаро инвесторлар билан музокаралар ўтказилмоқда
Вазирликнинг қайд этишича, 14-октябр куни Тошкентда ўтказилган Investors Day тадбирида 250 нафардан ортиқ хорижий инвестор иштирок этган. Уларнинг умумий инвестиция портфеллари қиймати 2,5 трлн доллардан ошади.
16-октябр куни эса Corporate Governance Day 2026 тадбири ташкил этилган. Унда давлат корхоналарида корпоратив бошқарувни такомиллаштиришнинг олтата устувор йўналиши муҳокама қилинган:
● МҲХС асосида сифатли молиявий ҳисобот юритиш;
● корпоратив тақвимга риоя қилиш;
● KPI тизимини қайта кўриб чиқиш;
● узоқ муддатли молиявий моделларни ишлаб чиқиш;
● муҳим корпоратив функцияларни кучайтириш;
● корхоналар фаолиятини ривожлантириш стратегиясини такомиллаштириш.
Муддат ўзгариши ҳақида аввал ҳам гапирилган
Бу муддатнинг ўзгариши ҳақида аввалроқ ҳам маълумот берилган эди. 2026-йилнинг июнида ҳукумат «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбектелеком» акцияларининг халқаро фонд бозорларига чиқишини 2027-йилга режалаштираётганини билдирган. Ўша пайтда бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат компанияларини IPO’га олиб чиқишдан олдин уларни чуқур трансформация қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Энг муҳим жиҳати, вазирнинг баёнотларига қарамай президент матбуот хизмати 15-июлда «Uzbekistan Airways» қаторида яна тўртта компания – «SQB», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ўзбектелеком» бўйича ишлар шу йилнинг ўзида якунланиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.
Ўша вақтда президент Шавкат Мирзиёев «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамиятини трансформация қилиш ва IPO’га тайёрлаш ишларини жадаллаштириш ҳақидаги тақдимот билан танишган.
Трансформация дастурида 115 та чора бор
«Uzbekistan Airways» учун «Franklin Templeton» вакиллари иштирокида 115 та чора-тадбирдан иборат трансформация дастури ишлаб чиқилган. Президент танишган тақдимотда ушбу дастур тўлиқ амалга оширилса, авиакомпаниянинг йиллик операцион даромадини 120 млн долларгача ошириш имконияти борлиги қайд этилган.
Дастур доирасида маршрутларни оптимиллаштириш, тўғридан-тўғри сотувларни кўпайтириш, мижозлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, парвозлар орасидаги вақтни қисқартириш, кечикиш ва рейслар бекор қилинишини камайтириш, шунингдек, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатиш тизимлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ушбу чоралар компаниянинг бозор қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача ошириш имконини бериши прогноз қилинмоқда.





