Logo

Тожикистон йил якунигача иқтисодий ўсишни камида 8 фоизда сақлаб қолмоқчи

Bugun 09:231 daqiqa

Мамлакат ялпи ички маҳсулоти йилнинг биринчи ярмида тахминан 8,8 миллиард долларга етди.

Тожикистон йил якунигача иқтисодий ўсишни камида 8 фоизда сақлаб қолмоқчи

Тожикистон ҳукумати 2026-йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларини сарҳисоб қилди ва йилнинг иккинчи ярми учун устувор вазифаларни белгилади. Мамлакат йил якунида иқтисодий ўсиш суръатини камида 8 фоиз даражасида сақлаб қолишни мақсад қилган. Бу ҳақда президент Имомали Раҳмон маълум қилди.

Раҳмон иқтисодий ўсишни барқарор сақлаш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва иқтисодиётни ташқи хатарларга тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Январь–июнь ойларида мамлакат иқтисодиёти 8,2 фоизга ўсди, ЙИМ ҳажми 81,7 миллиард сомонийни (тахминан 8,8 миллиард доллар) ташкил этди. Саноат ишлаб чиқариши 14,1 фоизга, инвестициялар 18,4 фоизга ошди, инфляция эса 2,4 фоиз бўлди.

Шунингдек, давлат бюджети даромадлари режаси 114,3 фоизга бажарилиб, бюджетга 36,4 миллиард сомоний (3,9 миллиард доллар) тушди.

Ҳукуматга август охиригача иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини топиш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди. Асосий эътибор саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон 2026-йилнинг биринчи ярмида бюджет харажатларининг қарийб 40 фоизини иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларга сарфлагани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid