Тўқаев Қозоғистон Миллий банки раиси ўринбосарини ишдан олди
Берик Чўлпанқулов ўз аризасига кўра лавозимини тарк этди. Бу қарор 7 трлн тангалик трансчегаравий операциялар муҳокамасидан кейин қабул қилинди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Миллий банк раиси ўринбосари Берик Чўлпонқуловни лавозимидан озод қилди. «Оқўрда» матбуот хизматининг маълум қилишича, қарор унинг шахсий аризаси асосида қабул қилинган. Чўлпонқулов 2021 йил апрелидан буён мазкур лавозимда ишлаб келаётган эди.
У иқтисодчи-бухгалтер мутахассислиги бўйича таҳсил олган, шунингдек Миллий мудофаа университетида «ҳарбий ва давлат бошқаруви» йўналишида магистратурани тамомлаган. Фаолияти давомида Молия вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган, 2008–2014 йилларда молия вазири ўринбосари, 2014–2016 йилларда мудофаа вазирининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари бўлган. 2019 йилда Молия вазирлигида биринчи ўринбосар этиб тайинланган.
7 трлн танга муҳокамаси
28 январ куни Молиявий мониторинг агентлигидаги йиғилишда Тўқаев Қозоғистоннинг муайян банки орқали қўшни давлатдан учинчи давлатларга 7 трлн тангадан ортиқ маблағ ўтказилганини айтган эди. Президент бу транзакциялар санкциялар шароитида амалга оширилганини таъкидлаган.
Ишдан бўшатилишидан бир кун олдин Чўлпонқулов «BES.media»га берган изоҳида Миллий банк ва Молиявий бозорни тартибга солиш ҳамда ривожлантириш агентлиги олиб бораётган текширув ҳали якунланмаганини билдирган. Унинг айтишича, ҳозирча қонунбузилиш аломатлари аниқланмаган. Шунингдек, у тилга олинган 7 трлн танга маблағ чиқариб юборилган сумма эмас, балки операцияларнинг умумий айланмаси бўлиши мумкинлигини айтган.
Сиёсий фон ва саволлар
Журналистлар президент матбуот котиби Ойбек Смадияровга «текширилмаган маълумот келтирилган бўлиши мумкинми?» деган савол билан мурожаат қилган. У «ҚазТАГ»га берган изоҳида давлат раҳбари тасдиқланмаган маълумотни эълон қилмаслигини ва 7 трлн тангалик транзакциялар факти мавжудлигини билдирган.
Маълумотларга кўра, маблағ манбаи, қабул қилувчи давлат ва операция ўтказилган банк номи сиёсий ва дипломатик сабабларга кўра очиқланмаган.
«Фергана.ру» нашрига анонимлик шарти билан изоҳ берган Миллий банк манбаси ушбу сумма мамлакат банк тизими активларининг қарийб 10 фоизига тенглигини, бундай ҳажмдаги операциялар комплаенс талабларини ҳисобга олганда амалда деярли имконсиз эканини айтган.





