Logo

Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаганлардан 3,66 млрд сўм жарима ундирилди

Bugun 15:051 daqiqa

Пойтахт жамоат транспортида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланиш ҳолатлари юзасидан назорат кучайтирилмоқда. Ноябр ойининг дастлабки 22 кунида 19 минг 457 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаганлардан 3,66 млрд сўм жарима ундирилди © vaqt.uz

1–22-ноябр кунлари Тошкент шаҳрида жамоат транспортида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, чиптасиз юриш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда йўловчилар орасида тўлов маданиятини шакллантиришга қаратилган назорат тадбирларда 19 минг 457 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу кунига ўртача 884 та қоидабузарлик аниқланганини англатади. Йил бошидан буён расмийлаштирилган баённомалар сони эса 158 минг 237 тага етди.

22-ноябр ҳолатига кўра, кунлик ҳисобот бўйича ундирилган жарималар миқдори 3,66 млрд сўмдан ошди. Шундан 449,9 млн сўми ноябр ойининг дастлабки 22 кунига тўғри келади.

Шу билан бирга, назорат тадбирлари қамраб олган автобус йўналишларида йўловчилар оқимининг ўзгариш динамикаси ҳам таҳлил қилинмоқда.

Хусусан, 18–21-ноябр кунлари 8, 11, 14, 28, 93, 116 ва 131-сонли автобус йўналишларида жами 449 минг 802 нафар йўловчи ташилган. Бу ўтган ҳафтанинг мос даврига нисбатан 5 минг 792 нафарга ёки 1,3 фоизга кўп. Шу билан бирга, тўрт кун давомида мазкур йўналишларда 1 минг 228 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Айрим йўналишларда йўловчилар сонининг сезиларли даражада ошгани кузатилган. Жумладан, 11-сонли йўналишда ўсиш 11,2 фоизни, 28-сонли йўналишда 5,4 фоизни, 8-сонли йўналишда 3,5 фоизни ва 14-сонли йўналишда 1,7 фоизни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 24-декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида нотўғри парковка қилинган автомобилларни эвакуация қилиш ва жарима майдончаларида сақлаш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади.

Фарангиз Бобожонова

Teglar

Mavzuga oid