add

Тошкент кўчаларидаги 8 йил олдин хавфли деб топилиб олиб ташланган тўсиқлар яна ўрнатилмоқда

Тошкент шаҳридаги йирик кўчалар ўртасига металл тўсиқлар қайта ўрнатила бошлади. 2017-2018 йилларда пойтахт ҳокимлиги ва ЙҲХБ уларни хавфли ва самарасиз деб айтган эди.

Тошкент кўчаларидаги 8 йил олдин хавфли деб топилиб олиб ташланган тўсиқлар яна ўрнатилмоқда

Тошкентнинг марказий кўчаларидаги 8 йил аввал хавфли деб топилган металл тўсиқлар қайта ўрнатила бошланди.

Маълумотларга кўра, темир панжаралар Тошкент шаҳри кўча ва йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида ўрнатилмоқда. Энг қизиқ жиҳати шундаки, 2017-2018 йилларда айнан шу сабаб билан темир тўсиқлар олиб ташланган эди.

2025 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан темир панжаралар ўрнатиш учун 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Қайд этилишича, темир тўсиқларни ўрнатадиган пудратчи «Qarshi Stroy Sentr» компанияси. Компания 2025 йил 10−28 ноябр кунлари Тошкент шаҳри ҳокимияти қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан ўтказилган тўсиқ ўрнатиш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тендер натижаларига кўра, «Qarshi Stroy Sentr» энг юқори балл тўплаган ҳолда ғолиб бўлган ва 6 млрд 6 млн 446 минг 265,20 сўмга (ҚҚС билан) 90 кун ичида қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини олган.

Тендерда:

— «Qurilish Impex Group»;

— «Zastroy»;

— «Star Invest Build»;

— «Horizon Builders»;

— «Bunyodkor Kompleks Invest»;

— «Elmurod Qurilish Servis» компаниялари ҳам қатнашган.

rasm 1

Темир тўсиқлар ўрнатиладиган кўчалар

Gazetauz танишган ҳужжатларга кўра, қуйидаги кўчаларда металл панжаралар ўрнатилади:

— Ислом Каримов кўчасида — «Халқлар дўстлиги» саройидан Вазирлар маҳкамасигача бўлган бутун қисм бўйлаб (1,8 км);

— Мирзо Улуғбек кўчасида — Дўрмон йўли ва Феруза кўчалари оралиғида, 6-поликлиникадан Гинекология институтигача бўлган қисмида (1,6 км);

— Феруза ва Юзработ кўчаларида — Экобозордан темирйўл линиясигача (3,55 км);

— Миробод кўчасида — Шота Руставели ва Афросиёб кўчалари оралиғида, «Гранд Мир» меҳмонхонасидан Ўзбекистон ИИВ биносигача бўлган қисмида (1,45 км);

— Сағбон кўчасида — «Чорсу» бозори рўпарасида (1,2 км);

— Янгишаҳар кўчасида — Аҳмад Дониш ва Янги Юнусобод кўчалари оралиғида, Юнусобод деҳқон бозори рўпараси (1,1 км);

— Алишер Навоий ва Беруний кўчаларида — Фурқат кўчасидан Озод кўчасигача, «Кўкалдош» мадрасаси рўпарасида (1,75 км).

Йўл четлари бўйлаб тўсиқлар қуйидаги кўчаларда ўрнатилади:

— Тошкент ҳалқа йўлида — Педагогика институти (700 м) ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университети (600 м) рўпарасида.

Тўрсимон панжаралар («Еврозабор» тури) ўрнатилади:

— Бектемир шоҳкўчаси маркази бўйлаб, Қўйлиқ бозори рўпарасидаги ТҲАЙ кўпригида (250 м);

— Қорақамиш кўчаси 1-уйда — Қуш бозори бозори рўпараси (1,4 км);

— Авиасозлар кўчасида — «Авиасозлар» бозори рўпарасида (300 м);

— ТҲАЙда — Ибн Сино массивининг рўпарасида (2 км);

— «Фаввора» ресторани рўпарасидаги ТҲАЙ йўлининг четлари бўйлаб, «Сассиқ» кўпригининг Қўйлиқ томон (200 м) қисмида;

— Янги Сергели кўчасида — автомобиль бозори рўпарасида (250 м).

Маълумот учун: 2017 йилда Тошкент шаҳар маъмурияти йирик кўчалар ўртасига ўрнатилган металл тўсиқлар, айниқса пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳалар атрофида, ҳайдовчилар учун кўринишни чеклаётганини очиқ тан олган. Кейинчалик, 2018 йилда ЙҲХБ ҳам расмий баёнот бериб, 30 та кўчадаги тўсиқлар ҳаракат хавфсизлигини оширмагани, аксинча, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирганини қайд этган. Ўтган йилда эса Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кўчалар ўртасига яшил ва бошқа рангдаги тўрли панжара ўрнатишни бошлаган. Бошқарма эса бунга йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар оқимини тартибга солинган, кесиб ўтиш учун мўлжалланган жойларга йўналтириш мақсадида ўрнатилаётганини сабаб қилиб кўрсатган.

Teglar

Mavzuga oid