
Тошкент шаҳри ва вилоятида гиёҳвандликка оид жиноятлар фош этилди
Ижарага олган хонадонида нарколаборатория ташкил қилиб, кучли таъсир қилувчи дори тайёрлайдиганлар қўлга олинди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар фаолияти фош этилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Яшнобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган ва муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган шахс ҳамда Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 2006 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди. Улардан 507 дона «Прегабалин» ва 52 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахслар томонидан ижарага олинган хонадон кўздан кечирилди. Текширув натижасида мазкур манзилда қўлбола нарколаборатория ташкил этилгани аниқланди. У ердан 4 килограмм 326 грамм кукун кўринишидаги «Прегабалин», 200 грамм «Тропикамид», шунингдек, 71 килограмм турли кимёвий моддалар ҳамда қадоқлаш учун мўлжалланган флакон ва капсулалар мусодара қилинди.
Маълумотларга кўра, ушбу жиноий гуруҳ кучли таъсир қилувчи моддаларни сотишга улгурмасдан қўлга олинган. Натижада тахминан 208 минг дона бир марталик доза аҳоли орасида тарқалишининг олди олинди. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Тожикистондан олиб кирилган 30 килограммдан ортиқ «опий» моддаси тўхтатиб қолинди. Автомашинанинг ёқилғи бакида яширилган гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди ва ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.





