Logo

Аҳолини хавотирга солаётган нархлар, икки карра ўсган иқтисодиёт ва банклар учун янги рейтинг — 3 ноябр дайжести

Kecha 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Аҳолини хавотирга солаётган нархлар, икки карра ўсган иқтисодиёт ва банклар учун янги рейтинг — 3 ноябр дайжести

«Openbank» бизнесни исломий молиялаштириш учун 10 млн долларгача маблағ жалб қилмоқчи

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳига кирувчи Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ICD) ва Ўзбекистоннинг «Openbank» банки ўртасида 10 миллион долларгача молиялаштириш линиясини тақдим этиш бўйича келишув имзоланди. 2026 йил 26 октябрь куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида имзоланган ушбу ҳужжат доирасида ажратиладиган маблағлар шариат тамойилларига мувофиқ бўлиб, Ўзбекистонда фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳамда йирик корхоналарни молиялаштиришга йўналтирилади.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби даромад келтирувчи тармоқларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда мамлакатнинг барқарор ўсишига ҳисса қўшишни мақсад қилган. Маълумот ўрнида, 2022 йилда лицензия олган ва дастлаб «Smartbank» номи билан фаолият юритган «Openbank» яқинда (23 октябрь) Марказий банк томонидан Ўзбекистонда ислом банки фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган биринчи банкка айланган эди.

Ўзбекистонликлар энг кўп ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда

Ўзбекистонда 2026 йил сентябрь ойида йиллик инфляцион кутилмалар пасайиши кузатилиб, бу кўрсаткич аҳоли орасида 8,7 фоизга, тадбиркорлар ўртасида эса 9,2 фоизга тушди. Марказий банк сўровномасига кўра, нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омил сифатида ёқилғи-энергия ресурслари ҳамда коммунал хизматлар қимматлашишидан хавотирлар ҳануз етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи сунъий оширилиши ва монополия билан боғлиқ ташвишлар ҳам ортган.

Аҳоли гуруҳлари орасида инфляциядан энг кўп пенсионерлар ва ойлик даромади 30 миллион сўмдан юқори бўлган қатлам хавфсирамоқда. Тадбиркорлар кесимида энг юқори кутилмалар ташиш хизматлари ҳамда ҳунармандчилик соҳаларида кузатилган. Ҳудудий жиҳатдан энг юқори инфляцион кутилмалар аҳоли ўртасида Тошкент шаҳрида, тадбиркорлар орасида эса Самарқанд вилоятида қайд этилган бўлиб, паст даромадли фуқароларнинг бу борадаги кутилмалари нисбатан барқарор қолмоқда.

Apple, Google yoki Meta: Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи қайси хорижий компания энг кўп солиқ тўлайди?

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи хорижий компаниялар томонидан қарийб 20 миллион доллар (232,8 млрд сўм) солиқ тўланган. Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 86,5 фоизга ошган. Шунингдек, мазкур даврда кўрсатилган электрон хизматларнинг умумий қиймати ҳам 85,2 фоизга ўсиб, 1,94 триллион сўмга етган.

Хорижий компаниялар орасида энг йирик солиқ тўловчилар сифатида «Apple» (54,2 млрд сўм), «Google» (52,6 млрд сўм) ва «Meta» (46,7 млрд сўм) етакчилик қилмоқда. Кучли ўнликдан, шунингдек, «Valve Corp.», «Anthropic», «OpenAI», «Midasbuy», «Booking.com», «TikTok» ва «Anysphere» каби компаниялар жой олган. Маълумот учун, мамлакатда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хорижий рақамли хизматлар сони муттасил ўсиб, 2026 йил октябрь ҳолатига келиб 109 тага етган.

ЯИМ икки баравардан кўпроқ ошди: Ўзбекистон иқтисодиётида нималар ўзгарди?

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 1 квадриллион 755 триллион сўмдан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,3 фоизга ўсди. Мамлакат иқтисодиёти 2022 йилнинг шу даврига (828 трлн сўм) нисбатан беш йил ичида қарийб 2,1 бараварга кенгайиб, аҳоли жон бошига ЯИМ номинал қийматда 44,7 миллион сўмга етди. Ўсишнинг асосий қисми саноат, хизматлар ва қурилиш тармоқлари ҳиссасига тўғри келди.

Ҳудудлар кесимида ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми бўйича Тошкент шаҳри (372,1 трлн сўм) биринчи ўринни эгаллаган бўлса, аҳоли жон бошига ЯҲМ бўйича Навоий вилояти (140 млн сўм) мутлақ етакчилик қилди ва бу энг паст кўрсаткичга эга Сурхондарё вилоятидан (21,6 млн сўм) 6,5 баравар кўп. Шунингдек, мазкур даврда кичик бизнеснинг мамлакат жами қўшилган қийматидаги улуши 53,8 фоизни ташкил этди ва кузатилмайдиган (яширин) иқтисодиётнинг ЯИМдаги улуши ўтган йилги 23,9 фоиздан 21,8 фоизгача пасайгани қайд этилди.

Ўзбекистонда тижорат банкларининг молиявий оммабоплик рейтинги жорий этилади

Ўзбекистонда Марказий банк томонидан тижорат банкларининг молиявий оммабоплик рейтинги жорий этилмоқда. Ушбу янги рейтинг орқали банкларнинг аҳоли ҳамда микро, кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун яратаётган молиявий имкониятлари, кўрсатилаётган хизматларнинг қулайлиги, хавфсизлиги ва сифати ўзаро таққосланиб, баҳолаб борилади.sa

Мазкур рейтингни ишлаб чиқишдан асосий мақсад банклар ўртасида соғлом рақобатни рағбатлантириш ва молиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдир. Ҳозирда рейтинг методологияси ва баҳолаш мезонлари тижорат банклари вакиллари иштирокида қизғин муҳокама қилинмоқда. Маълумот ўрнида, Марказий банк 2026 йилдан бошлаб мижозлар мурожаатлари асосида энг салбий кўрсаткичга эга бўлган банклар рўйхатини ҳам мунтазам эълон қилиб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid