Урганч — Хива пулли йўлидан кунига 1700 тагача автомобил ҳаракатланмоқда
Аввалроқ пулли трассада айрим транспорт воситалари учун йўл ҳақи арзонлаштирилгани маълум қилинган эди.
© president.uzЎзбекистондаги илк пулли трасса — Урганч — Хива йўлидан кунига 1700 га яқин автомобил ҳаракатланмоқда, айрим кунларда эса бу кўрсаткич 2 мингтагача етмоқда. Бу ҳақда Хоразм вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси бўлим бошлиғи Душанбой Зарифбоев маълум қилди.
«Очилганига икки ойдан ошган пулли йўлимизда ҳозирда кунига 1,6–1,7 мингта автомобил ҳаракатланмоқда», — деди бошқарма бўлим бошлиғи.
Трассада тўловлар банк картаси ёки ҚР-код орқали қабул қилинади. Енгил автомобиллар ва мототсикллар учун йўл ҳақи дастлаб таклиф қилинган 26,4 минг сўмдан 17,6 минг сўмгача пасайтирилган. Микроавтобуслар учун тариф 44 минг сўм, автобуслар учун эса 66 минг сўмни ташкил этади.
Янги кириш йўли ва хавфсизлик чоралари
Дастлаб йўлга киришда иккита тўлов терминали фаолият юритган. Кейинчалик Янгиариқ — Хива йўналишидан ҳам кириш имконияти яратилиб, терминаллар сони учтага етказилган. Янгиариқ йўлидан пулли трассага еттинчи километрда қўшилиш мумкин бўлиб, ушбу йўналиш орқали Хивагача бўлган масофа 28 километрни ташкил этади. Янгиариқ — Хива йўналишида йўл ҳақи 14,52 минг сўм этиб белгиланган.
Бундан ташқари, йўлда автомобиллар юқори тезликда ҳаракатланиши сабабли уй ҳайвонлари чиқиб кетишининг олдини олиш учун махсус тўсиқлар ўрнатилмоқда. Зарифбоев бу ишлар ҳайдовчилар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Урганч — Хива пулли автомобил йўлидан фойдаланиш тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланганди.





