Тошкент халқаро молия маркази фаолияти бўйича қонун Сенатдан ўтмади
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни қайта ишлаш учун Қонунчилик палатасига қайтарди.
© Vaqt.uzОлий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонун муҳокама қилинди. Муҳокамалар якунлари бўйича ҳужжатни қабул қилиш эмас, балки уни такомиллаштириш учун Қонунчилик палатасига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ва замонавий молиявий инфратузилмани шакллантириш учун ҳуқуқий асос яратишни назарда тутади.
Ҳужжатда Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, бошқарув тизими, ваколатлари ва институционал тузилмаси белгиланган.
Шунингдек, марказ ҳудудида фаолият юритувчи инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва суд ҳимояси кафолатларини жорий этиш кўзда тутилган.
Муҳокама давомида сенаторлар қонуннинг бир қатор нормаларига аниқлик киритиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйиладиган талаблар, суд ваколатлари ҳамда халқаро арбитраж ишларини кўриб чиқиш тартиби қайта кўриб чиқилиши лозимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, суднинг маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш ва қонунларга шарҳ бериш билан боғлиқ ваколатлари ҳам қўшимча муҳокамаларни талаб қилиши таъкидланди.
Сенаторлар фикрича, мазкур нормаларни янада аниқлаштириш инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва бўлажак молия марказининг халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Келишув комиссияси тузилади
Муҳокамалар натижасида қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига қайтариш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шу мақсадда Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссияси тузилади. Комиссия ишига манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам жалб этилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2 июнь куни Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган эди. Лойиҳага мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази ҳудудида Англия ва Уэлс ҳуқуқи қўлланилиши ҳамда алоҳида халқаро тижорат суди ташкил этилиши назарда тутилган.





