Тошкентда BMW уриб кетиши оқибатида вафот этган ЙПХ ходимининг оиласи давлат муҳофазасига олинади

28.02.2026 | 11:272 daqiqa

25 феврал куни 10-синф ўқувчиси БМW'да уриб кетган Йўл-патруль хизмати ходими кеча, 27 феврал куни вафот этганди. Бош прокуратура «ҳар томонлама, тўлиқ ва холис тергов» ҳамда «жазонинг муқаррарлиги» таъминланишига ваъда берди.

Тошкентда BMW уриб кетиши оқибатида вафот этган ЙПХ ходимининг оиласи давлат муҳофазасига олинади

Тошкентда 25 феврал куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида оғир тан жароҳати олган Йўл-патрул хизмати ходими 27 феврал куни шифохонада вафот этди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, марҳумнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олинади.

Маълумотларга кўра, Хосилбек 2022 йилда ички ишлар органларида хизмат бошлаган. 2024 йилдан патрул-пост хизматида фаолият юритган, 2025 йилдан эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл хизмати инспектори сифатида ишлаган.

Хизмат фаолияти давомида у ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол иштирок этган. Жами 1392 та қоидабузарликни аниқлаган, шундан 324 таси қўпол қоидабузарлик бўлган. 14 нафар маст ҳайдовчининг ҳаракатига чек қўйган, шунингдек, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш, ҳужжатсиз бошқариш ва қизил чироққа бўйсунмаслик билан боғлиқ 52 та ҳолатни фош этган.

Марҳум хизматдошлари ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан сўнгги манзилга кузатилган. У ота-онасининг суянчиғи, икки қиз ва бир ўғилнинг отаси эди.

Ҳодиса ҳақида

Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, 2010 йилда туғилган 10-синф ўқувчиси жамоат тартибини қасддан менсимай, ижтимоий тармоқларда ўзини намойиш қилиш мақсадида автомашина овозини ноқонуний кучайтирган ва махсус сигнал воситалари ўрнатган ҳолда бир неча бор ҳуқуқбузарлик содир этган. У аввал ҳам ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмагани учун 9 январ куни отаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан жавобгарликка тортилган, аммо бу ҳолатдан хулоса чиқарилмаган.

25 феврал куни у танишининг опасига тегишли БМW автомашинасини тураргоҳдан калити билан ҳайдаб кетган. Миробод тумани Нукус кўчасида ЙПХ инспектори Хосилбек Эшназаровнинг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, бошқа автомашиналарни хавфли тарзда айланиб ўтиб, хизмат вазифасини бажараётган ходимни уриб кетган. Оғир тан жароҳати олган инспектор 27 феврал куни вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан иш қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан ушланган.

«Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги қатъий таъминланади», — дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid