Тошкентда кучли ҳарорат инверсияси кузатилди: Ҳаво сифати «сезувчан гуруҳлар учун ноқулай» даражага етди
Ҳаво сифатининг ёмонлашиши ҳафта охиригача давом этиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 6 октябрь оқшоми ва 7 октябрь тонгида атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашиб, халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «сезувчан гуруҳлар учун ноқулай» даража қайд этилди. Бунга шамолнинг паст тезлиги ва тунги кучли ҳарорат инверсияси каби ноқулай метеорологик шароитлар сабаб бўлган. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, 6 октябрь куни кундузги соатларда шаҳарнинг катта қисмида ҳаво сифати халқаро индексга кўра «ўртача» даражада бўлган. Бироқ соат 20:00 дан кейин вазият ўзгариб, тунда ва эрталаб кенгроқ ҳудудларда «сезувчан гуруҳлар учун ноқулай» ҳолат юзага келган. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида эса қисқа муддатли «носоғлом» даража ҳам кузатилган.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткичлар миллий стандарт бўйича «ўртача» даража ҳисобланиши қайд этилди.
Таъкидланишича, 6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача бўлган кузатувларга кўра, Тошкентда PM2,5 майда заррачаларининг ўртача миқдори 43,5 мкг/м³, PM10 заррачаларининг ўртача миқдори 97,2 мкг/м³ ни ташкил этган.
Ушбу даврда AQI бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи 117 бўлиб, «сезувчан гуруҳлар учун ноқулай» даражага мос келган.
Миллий индексация бўйича эса PM2,5 «яшил», PM10 «сариқ» даражада қайд этилган. 7 октябрь соат 10:00 да PM10 бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи «зарғалдоқ» даражага кўтарилган.
Ифлосланиш сабаблари: Метеорологик омиллар
Маълум қилинишича, ҳаво сифатининг бузилишига ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклаб қўйган ноқулай об-ҳаво шароити бевосита таъсир кўрсатган. Хусусан, шамол тезлигининг 1 м/с атрофида бўлиши ҳамда тунги кучли ҳарорат инверсияси сабабли ҳавонинг алмашинуви ва вертикал аралашиши сусайган.
Вертикал кузатувлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, 6 октябрь соат 23:00 дан 7 октябрь соат 08:00 гача кучли ҳарорат инверсияси юз берган. Инверсия қатламидаги ҳарорат фарқи 1,8–6,7 °C гача етган. Бундай ҳолатда ерга яқин совуқ ҳаво устида нисбатан илиқ ҳаво қатлами жойлашиб қолади ва бу ифлослантирувчи моддаларнинг юқорига тарқалиб кетишига тўсқинлик қилади.
Мутахассислар бундай ҳолатлар ҳафта охиригача асосан тунги ва эрталабки вақтларда қисқа муддатли кузатилиши мумкинлигини билдирмоқда.
Маълумот учун, ҳозир атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.
Ўзбекистонда PM2,5 ва PM10 заррачалари бўйича ҳаво сифатини баҳолашнинг миллий индексация тизими ишлаб чиқилган. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори асосида жорий этилган.





