Тошкентда «занг сув» ҳолатлари учун тўловлар қайта ҳисобланади
Пойтахтдаги айрим уйларда иссиқ сувнинг занг тусида келаётгани аниқланди. «Veolia Energy Tashkent» бу ҳолатни иситиш мавсумига тайёргарлик билан боғлиқ вақтинчалик ҳодиса эканлигини, зарур ҳолларда фуқаролар тўловини қайта ҳисоблашини маълум қилди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридан аҳолининг иссиқ сувнинг занг тусида келаётгани ҳақидаги видеолари тарқалди. Бу ҳолат юзасидан «Veolia Energy Tashkent» компанияси изоҳ берди ва муаммони бартараф этиш бўйича текширув ишлари бошланганини маълум қилди.
Компания хабарига кўра, иситиш мавсуми бошланишидан олдин тaрмоқларда сув айланиши йўлга қўйилаётган вақтда қувурлардаги сув қисман жигарранг ёки зангга ўхшаш тусга киради. Бу ҳолат тизимни синовдан ўтказиш жараёни билан боғлиқ бўлиб, қисқа фурсат ичида бартараф этилади.
«Бу тизимни синовдан ўтказиш ва тармоқларнинг тенг даражада қизишини таъминлаш учун зарур. Айнан шу даврда Тошкентнинг айрим туманларида иссиқ сувда жигарранг ёки зангга ўхшаш тус кузатилиши мумкин», — дейилади компания хабарида.
Текширувлар давомида айрим уйларда иссиқ сув «қайтиш қувури» орқали берилаётгани аниқланди. Бу эса сув ҳароратининг пасайиши, унинг қувурларда тўхтаб қолиши ва металл деворлар билан таъсирга киришиши натижасида занг тусининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
«Veolia Energy Tashkent» мутахассислари бошқарувчи компаниялар билан ҳамкорликда иссиқлик тизими схемаларини тўғрилаш, сув тиниқ бўлгунча технологик сувни тўкиб ташлаш ишларини олиб бормоқда. Компания таъкидлашича, тизим параметрлари барқарорлашгач, сув ранги қисқа вақт ичида меъёрга келади.
Шу билан бирга, компания ҳар бир фуқаронинг шикояти ўрганилишини ва агар сув сифати ташқи омиллар таъсирида бузилгани аниқланса, тўловлар белгиланган тартибда қайта ҳисобланишини маълум қилди. Қайта ҳисоблаш учун истеъмолчи ва компания вакили томонидан далолатнома тузилади, унда аниқланган оғишлар ва уларнинг давомийлиги қайд этилади.
«Veolia Energy Tashkent»нинг 1347 рақамли call-маркази ҳамда туман бошқармаларида аҳоли мурожаатларини қабул қилиш йўлга қўйилган. Барча текширув натижалари асосида муаммолар босқичма-босқич бартараф этилади.





