Тошкентдаги онкология маркази ўрнида ёшлар шаҳарчаси ва боғ барпо этилади
Тошкент шаҳар онкология марказининг 4,36 гектарлик ҳудудида очиқ яшил боғ ва Ёшлар шаҳарчаси ташкил этилади. Шаҳар ҳокимлиги мавжуд бинолар сақлаб қолиниб, реконструкция қилинишини, янги бизнес-офислар ва тижорат объектларини қуриш режалаштирилмаётганини маълум қилди.
© Foto: t.me/poytaxt_uzТошкент шаҳар онкология марказининг 4,36 гектарлик ҳудудида очиқ яшил боғ ташкил этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳа «Яшил шаҳар» концепцияси доирасида амалга оширилади. Марказ бинолари бўшатилганидан сўнг ҳудуднинг асосий қисми барча шаҳарликлар учун очиқ яшил боққа айлантирилади.
Ҳокимлик Ёшлар шаҳарчаси боғ ўрнини эгалламаслиги ва унинг ҳудудини қисқартирмаслигини таъкидлади. Ўқув ва ижодий марказлар, кутубхона, коворкинг майдонлари, симуляция устахоналари ҳамда стартап-студиялар мавжуд биноларга жойлаштирилади.
Бинолар сақлаб қолиниб, реконструкция қилиниши ва ижтимоий мақсадларга мослаштирилиши режалаштирилган. Уларнинг атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади. Ҳудуд яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси, ёшлар ва барча шаҳарликлар учун очиқ жамоат маскани бўлиб қолиши кутилмоқда.
Ҳудудда юқори технологияли, саноат-муҳандислик ва сервис зоналари, ўқув ва ижод марказлари, кутубхона, замонавий инфратузилмага эга симуляция устахоналари ва илғор амалиётлар базаларини ташкил этиш назарда тутилган.
Аввалроқ президентнинг 27 июлдаги қарори билан тасдиқланган Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»да Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг собиқ Тошкент шаҳар филиали ўрнида Ёшлар шаҳарчасини барпо этиш белгиланган эди.
Ҳужжатга кўра, шаҳарчада дуал таълим тизими асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий ва келажак касбларига ўқитиш ташкил этилади.
Тадбиркорлар ҳам жалб қилинади
Ёшлар шаҳарчасидаги давлат бино ва иншоотлари саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги тадбиркорларга ижарага берилиши мумкин. Бунда ижарачилар аҳоли ва ёшларни дуал таълим тизими асосида ўқитиш мажбуриятини олади.
Дуал таълимни йўлга қўйган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бу шаҳарчада таълим олган аҳоли ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул этиб белгиланган. Топшириқларни бажариш муддати 2026 йил декабрига қадар этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ҳоким Шавкат Умурзоқов Тошкентдаги «Мовий гумбазлар» боғи мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантирилишини маълум қилганди.





