Тошкентдаги Палов музейи 150 млрд сўмга сотувга қўйилди

Bugun 18:551 daqiqa

Caravan Group’га тегишли овқатланиш жойлари — Палов музейи, Caravan ва Cinara’s ресторанлари умумий 24,4 млн долларга сотувга чиқарилди.

Тошкентдаги Палов музейи 150 млрд сўмга сотувга қўйилди

Caravan Group ресторанлар тармоғининг эгаси ва асосчиси Тимур Мусин ўзининг бир қатор умумий овқатланиш муассасаларини сотувга қўйди. Бу ҳақида эълонлар OLX Uzbekistan платформасига жойлаштирилган.

Палов музейи сотилиши ҳақида эълон OLX’га 13 апрель куни чиқарилган. Ресторан учун 150 млрд сўм нарх белгиланган бўлиб, у 5 қаватли 5 800 кв метр бинода фаолият олиб боради.

Ресторан манзили Кичик ҳалқа йўлида, Катта Дархон кўчасида жойлашган. Эълонда бинoни 1 100 кв метрдан бошлаб сотиш мумкинлиги айтилган.

Палов музейида ош нархлари бозордагидан нисбатан анча қимматроқ ҳисобланади. Бу ресторан асосан туристик кўринишда, шаҳар меҳмонлари учун мўлжаллангани билан изоҳланади.

Caravan ресторани Яккасарой туманида, Дўстлик боғи яқинида фаолият олиб боради. Унинг 7 сотих ерда, умумий майдони 1 800 кв метрдан иборат биноси мавжуд.

Ресторан қишда 250 нафаргача, ёзда 490 нафаргача меҳмонни қабул қила олиши айтилган. Унга 45 млрд сўм нарх белгиланган.

Cinara’s ресторани эса Тошкент вилоятида, Чорвоқда жойлашган бўлиб, 80 сотих майдонни эгаллайди. Овқатланиш жойи умумий 80 сотихлик майдонда фаолият олиб боради.

Биноларнинг майдони 1 400 кв метрни ташкил қилади. Ресторан бугун, 21 апрель куни 45 млрд сўм нарх билан сотувга қўйилган.

Эълонда барча овқатланиш жойлари учун ўзини оқлаш муддати тахминан 7 йил экани кўрсатилган. Учта рестораннинг умумий қиймати 294 млрд сўмга ёки долларда 24,4 млн долларга баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid