Трамп барча давлатлар учун божларни 10 фоиздан 15 фоизга оширди

22.02.2026 | 09:282 daqiqa

Олий суд тарифларни бекор қилганидан сўнг Доналд Трамп импорт божларини 15 фоизгача оширди. Қарор янги ҳуқуқий механизмлар асосида жорий этилмоқда.

Трамп барча давлатлар учун божларни 10 фоиздан 15 фоизга оширди

АҚШ президенти Доналд Трамп барча давлатлар учун импорт божларини 10 фоиздан 15 фоизга оширди. У «Truth Social» тармоғида бу қарорни Олий суднинг «ўта аксиламерикача» деб баҳолаган ҳукмидан кейин қабул қилганини билдирди.

 

truth trump 1

20 феврал куни Олий суд президент томонидан 1977 йилги Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун асосида жорий этилган кўплаб тарифларни бекор қилган эди. Суд қарорига кўра, мазкур қонун президентга хорижий давлатларга нисбатан кенг кўламли божлар жорий этиш ҳуқуқини бермайди.

Шундан сўнг Трамп 10 фоизли глобал тарифни эълон қилган, энди эса уни 15 фоизгача оширишга қарор қилди. Президент маъмурияти яқин ойларда «ҳуқуқий жиҳатдан мақбул янги божлар»ни ишлаб чиқишини маълум қилди.

 

Қонунлар ва механизмлар

Маъмурият вакиллари IEEPAдан ташқари бошқа қонунлардан фойдаланиш имкониятини билдирган. Хусусан, 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-бўлими президентга Конгресс розилигисиз 150 кунгача 15 фоизгача тариф жорий этиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, 301-бўлим ҳам савдо чекловлари учун қўлланиши мумкин.

Трамп Олий суд қарорини «шарманда» деб атаб, тариф сиёсати давом этишини билдирган. Унинг айтишича, маъмуриятда захира режа мавжуд ва божлар орқали «Америка буюклигини тиклаш» сиёсати тўхтамайди.

 

Иқтисодий таъсир

Кил жаҳон иқтисодиёти институти таҳлилига кўра, 2024 йил январидан 2025 йил ноябригача қиймати тахминан 4 трлн ljkkfh бўлган 25,6 млн транзакция ўрганилган. Ҳисоб-китоблар импортчилар ва америкалик истеъмолчилар қўшимча харажатларнинг 96 фоизини қоплаганини кўрсатган, хорижий етказиб берувчилар улуши 4 фоизни ташкил этган.

Мутахассисларнинг фикрича, экспортчилар нархларни тушириш ўрнига АҚШ бозоридаги улушни қисқартириш ва товарларни Европа ҳамда Осиёга қайта йўналтириш стратегиясини танлаган. Бу эса тарифлар ички бозорда инфляцион босимни кучайтириши мумкинлигини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid