Трамп Европанинг 8 та давлатига божларни оширишини маълум қилди

19.01.2026 | 12:252 daqiqa

АҚШ президенти Гренландия бўйича берган баёноти сабаб Европанинг қатор давлатларига нисбатан янги божлар жорий этилишини айтди.

Трамп Европанинг 8 та давлатига божларни оширишини маълум қилди

17 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландияни сотиб олишга рухсат берилмагунча Европанинг қатор давлатларига қарши тарифлар босқичма-босқич оширилишини маълум қилди. Бу баёнот Данияга қарашли, аммо автоном ҳудуд ҳисобланган Гренландия атрофидаги сиёсий тортишувни янада кескинлаштирди.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида 1 февралдан бошлаб Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Нидерландия, Финландия ва Буюк Британиядан олиб кириладиган товарларга қўшимча 10 фоизлик импорт тарифлари қўлланилишини ёзди. Ушбу давлатлар аввал ҳам АҚШ томонидан жорий этилган тарифлар остида бўлган.

Трампнинг таъкидлашича, 1 июндан бошлаб мазкур тарифлар 25 фоизгача оширилади ва АҚШ Гренландияни сотиб олиш бўйича келишувга эришмагунча амал қилаверади.

Бунга жавобан, Дания ва Гренландия раҳбарияти орол сотилмаслигини ва унинг аҳолиси АҚШ таркибига қўшилишни истамаслигини очиқ айтди. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, АҚШ аҳолисининг бешдан бир қисмидан камроғи Гренландияни қўшиб олиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.

Трамп Гренландияни АҚШ хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисоблаб, унинг стратегик жойлашуви ва катта минерал захираларини асос қилиб келмоқда. У ҳатто куч ишлатиш эҳтимолини ҳам истисно этмаган. Шу фонда, Европа давлатлари Дания илтимосига кўра оролга ҳарбий контингент юборди.

Дания ва Гренландияда шанба куни норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Норозилар ҳудуд келажагини ўзи ҳал қилиши кераклигини таъкидлади. Европа давлатлари эса Данияни қўллаб-қувватлаб, НАТО аъзосига қарши ҳарбий босим иттифоқнинг парчаланишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Дания ташқи ишлар вазири Трампнинг баёнотини кутилмаган деб атади. Буюк Британия бош вазири эса АҚШни очиқ танқид қилиб, иттифоқчиларга нисбатан тарифлар жорий этиш НАТОнинг жамоавий хавфсизлик тамойилларига зид эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг 8 давлати Арктика хавфсизлиги ва Гренландия суверенитетини ҳимоя қилишга тайёр эканини эълон қилганди.

Teglar

Mavzuga oid