
Украина, АҚШ ва Россия музокаралари қолдирилди
Бугун, 1 феврал куни Абу Дабида ўтиши режалаштирилган уч томонлама музокаралар АҚШ ва Россия делегацияларининг кечаги учрашувидан кейин бошқа кунга қолдирилди.

Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилишича, Украина, Россия ва АҚШ ўртасида Россиянинг Украинага қарши уюштирган урушини тугатиш бўйича навбатдаги раунд музокаралари 4 ва 5 февралга кўчирилди ва у Абу Дабида ўтказилади.
Унинг сўзларига кўра, учрашувлар бугун, 1 феврал куни бўлиши керак эди, аммо саналар ўзгартирилган.
«Келаси уч томонлама учрашувлар санаси тасдиқланди: 4 ва 5 феврал Абу Дабида. Украина мазмунли муҳокамага тайёр», – деб ёзди Зеленский X ижтимоий тармоғида.
Зеленский музокара натижаси “бизни урушни ҳақиқий ва муносиб тугатишга яқинлаштиради”, деган умидини билдирди.
Бундан бир кун олдин, Флоридада Россия президентининг хорижий давлатлар билан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев АҚШ делегацияси билан музокара ўтказди ва Украина бўйича келишув ҳамда АҚШ билан иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганини билдирди.
Донбасс бўйича келишмовчиликлар
Ўтган ҳафта охирида Москва ва Киев вакиллари Абу Дабида АҚШ томонидан таклиф қилинган жанговор ҳаракатларини тўхтатиш режаси бўйича тўғридан тўғри музокараларни биринчи марта ўтказди. Шу вақтда тарафлар бугун, 1 феврал куни муҳокамани давом эттиришга келишди, аммо Зеленский 29 январ куни учрашув вақти ва жойи ўзгариши мумкинлигини маълум қилган эди.
Музокаралар манбалари маълумотларига кўра, тарафлар бир қатор пунктларга розилик билдиришган, аммо асосий масалада келиша олмаган. Россия Донбассдан украин қўшинларини чиқаришни талаб қилмоқда, Киев эса бу талабни рад этмоқда.
Донбасс Украина ҳудудига киради, аммо қисман Россия қўшинлари назоратида.





