Умра сафарлари вақтинча тўхтатилди
Яқин Шарқдаги вазият сабабли Ўзбекистондан амалга ошириладиган Умра сафарлари вақтинча қолдирилади.

Яқин Шарқдаги воқеалар туфайли умра сафарлари вақтинча кечиктириладию Бу ҳақда бугун, 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинмоқда. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан фуқароларга ушбу ҳудуддаги давлатларга сафар уюштирмаслик, айни пайтда ўша ерларда бўлиб турган ватандошларга эса эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилмоқда.
Мазкур вазиятни инобатга олган ҳолда, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилади. Хусусан, 2 март куни идора томонидан режалаштирилган Тошкент-Жидда йўналишидаги навбатдаги Умра зиёратчилари рейси ҳам маълум муддатга қолдирилди.
«Авиақатновлар қайта тикланиши ҳақида расмий манбалар орқали қўшимча ахборот берилади. Юртдошларимиздан ушбу ҳолатни тўғри қабул қилишларини ва расмий маълумотларга таяниб иш юритишларини сўраймиз», – дейилади хабарда.





