Умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун 6 фоизлик ҚҚС тартиби жорий этилади
2026 йил 1 июндан савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун 6 фоиз соддалаштирилган ҚҚС, 0 фоиз фойда солиғи жорий этилади. Шунингдек, ҚҚСнинг 40 фоизи қайтариб берилади.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлар учун ихтиёрий равишда 6 фоизлик соддалаштирилган ҚҚС тартиби жорий этилиб, ушбу режимда фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини топшириш бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 29 майдаги тегишли Фармонида маълум қилинди.
Кичик ва ўрта бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб соҳада қуйидаги енгилликлар татбиқ этилади:
• Меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналарида алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул тўловларини қабул қилишга рухсат берилади.
• Умумий овқатланиш корхоналарига тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш, тушумнинг нақд пулсиз шаклда тушган улушидан қатъи назар, 40 фоиз миқдорида амалга оширилади.
• Овқатланиш корхоналари учун ходимларни меҳнат органларининг мобил иловаси орқали соддалаштирилган тартибда шу куннинг ўзида расмийлаштириш жорий этилади.
• Овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига туташ ҳудудлардан фойдаланиш учун ижара тўлови ер солиғининг бир баравари миқдорида белгиланади.
Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бирлаштирилиб, унинг ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи этиб белгиланади.
Соддалаштирилган 6 фоизлик ҚҚС тартибига ўтган корхоналарда сотиб олинган товарлар бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди, бироқ улардан маҳсулот харид қилган харидорлар бу ҳуқуққа эга бўлади.





