Ургутда Тожикистондан 9 кг га яқин гиёҳвандлик воситаси олиб кирмоқчи бўлганлар фош этилди
Шунингдек, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ҳам тожикистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали юртимизга олиб келинган гиёҳвандлик воситалари аниқланган.

Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ўтказилган гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирда жами 11 кг дан ортиқ наркотик моддалар фош этилган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Самарқанд вилояти Ургут туманида 1998 йилда туғилган шахс Тожикистондан 8 килограмм 860 грамм «опий» моддасини контрабанда йўли билан олиб киришга уриниб, чегара қўшинларининг тўхташ талабига бўйсунмасдан қочган. Бироқ тезкор ҳаракатлар натижасида у қўлга олинган. Тергов жараёнида унинг 1966 йилда туғилган шериги ҳам аниқланиб, ушлангани маълум қилинди.
Сурхондарё вилоятидаги ҳолатда Денов туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик савдоси учун судланган шахснинг ёнидан 31 грамм «опий» топилган. Терговда у моддани 1978 йилда туғилган фуқародан сотиб олгани маълум бўлган. Кейинчалик мазкур шахснинг уйидан яна 1 килограмм 483 грамм «опий» ашёвий далил сифатида олинган.
Хоразм вилояти Гурлан туманида эса 1952 йилда туғилган, икки маротаба судланган шахс 877 грамм «гашиш» моддасини 14 минг долларга сотиш вақтида қўлга олинган. Аниқланишича, модда Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида иш қўзғатилиб, гумондорларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. ДХХ жамиятни «аср вабоси»га қарши курашда ҳамкорликка чақирди ва оилаларни асраш муҳимлигини таъкидлади.





