Logo

«UzAuto Motors»ни сотиб олишга қизиқаётган уч давлат номи очиқланди

Bugun 21:381 daqiqa

Ўзбекистон автомобиль бозорининг энг йирик корхонаси бўлган UzAuto Motors хусусийлаштирилиши бўйича икки йил олдин бошланган жараён янги босқичга ўтди.

«UzAuto Motors»ни сотиб олишга қизиқаётган уч давлат номи очиқланди

UzAuto Motors ва UzAuto Powertrain компанияларини хусусийлаштириш жараёнига АҚШ, Жанубий Корея ҳамда Хитой компаниялари қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов 8 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди Vaqt.uz мухбири.

Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, корхоналарни хусусийлаштириш бўйича амалий ишлар икки йил олдин бошланган бўлиб, Alvarez & Marsal халқаро консалтинг компанияси танлов асосида жалб этилган. Ушбу компания автосаноат бозорида йирик битимларни амалга ошириш тажрибасига эга.

«Бугунги кунда бизга таклифлар келиб тушмоқда. Хусусан, Америка компаниялари, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари томонидан ҳам қизиқиш билдирилган. Лекин бу қизиқишлар қайсидир компанияга тўғридан-тўғри сотилади дегани эмас. Бунақа сигнал кетмаслиги керак, чунки бу рақобатга салбий таъсир қилиши мумкин. Очиқ, халқаро савдо ўтказамиз», – деди Соҳибжон Муродов.

Хусусийлаштириш қандай босқичларда ўтади?

Маълум қилинишича, ҳозирда хусусийлаштириш сценарийси ва савдоларни ташкиллаштирувчи халқаро консультантни аниқлаш жараёни олиб борилмоқда. Кейинги босқичларда актив халқаро даражада баҳоланади ва параллел равишда «due diligence» (аудит) ишлари ўтказилади.

Сўнгра халқаро майдонда қизиқиш билдирган талабгорлардан мажбуриятга эга бўлмаган (EOI), кейин эса мажбуриятли таклифлар қабул қилинади. Энг яхши таклиф берган инвесторлар билан лицензия ва альянс шартлари асосида музокаралар олиб борилади.

Teglar

Mavzuga oid