Logo

UzIMEI етти йилда 3 трлн сўм даромад қилди. Аҳоли эвазига нима олди?

Bugun 18:479 daqiqa

Ўтган ҳафта IMEI тизими яна жамоатчилик муҳокамаси марказида бўлди. Етти йилдан буён ишлаётган бу тизим атрофида эса саволлар ҳамон кўп: фуқаролар тўлаётган маблағлар қаерга сарфланмоқда, мажбурий тўлов қанчалик асосли ва тизим амалда қандай наф бермоқда? Vaqt.uz’нинг янги «Томонлар» лойиҳасида IMEI йиғими ва унинг ортидаги муаммолар муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда мобил қурилмаларни IMEI орқали рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилганига етти йил бўлди. Шу вақт ичида тизим орқали 253 млн доллар ёки қарийб 3 трлн сўм маблағ йиғилгани айтилмоқда. Бироқ фуқаролар телефонларини рўйхатдан ўтказиш учун нима сабабдан мажбурий тўлов қилаётгани, пуллар қаерга йўналтирилаётгани ва тизим ўғирланган қурилмаларни топишда қанчалик самарали экани борасидаги саволлар ҳамон очиқ қолмоқда.

Дастлаб мобил қурилмалар бозорини легаллаштириш, ноқонуний олиб кирилган телефонлар савдосига қарши курашиш ва ўғирланган қурилмаларни аниқлаш мақсадида жорий этилган UzIMEI тизими етти йил давомида катта даромад манбайига айланди. Аммо бу даврда фуқаролар учун қандай қулайликлар яратилгани, тизимнинг амалий самарадорлиги ва йиғилган маблағларнинг сарфланиши ҳақида етарлича очиқ маълумот йўқ.

Vaqt.uz’нинг «Томонлар» лойиҳасида Troll.uz асосчиси Умид Ғафуров билан айнан шу масалалар муҳокама қилинди. Муҳокамада тизимнинг пулли бўлиши, оператор компаниялар алмашинуви, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва IMEI рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

253 млн доллар даромад ва жавобсиз саволлар

Август ҳолатига кўра, UzIMEI тизими орқали 253 млн доллар ёки қарийб 3 трлн сўм маблағ йиғилган. Бу рақам тизимнинг молиявий фаолияти ва даромадларни тақсимлаш тартибига доир саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.

Умид Ғафуровнинг фикрича, тизимнинг дастлабки мақсади — ноқонуний телефонлар савдосини қисқартириш ва бозорни легаллаштириш — давлатнинг ўзи учун ҳам иқтисодий манфаат келтиради. Чунки қурилмалар расмий импорт орқали олиб кирилса, божхона ва солиқ тушумлари ортади. Шу сабабли у IMEI рўйхатидан ўтказиш хизматининг пулли бўлиши қанчалик асосли эканига шубҳа билдирди.

«Агар ният холис бўлса, агар мақсад мана шу бозорни оқлаш бўлса, даромад топиш бўлмаса, уни текин қилса бўлади», — дейди Ғафуров.

Унинг таъкидлашича, IMEI кодини электрон базага киритиш катта харажат талаб қиладиган жараён эмас. Мавжуд давлат рақамли хизматлари билан интеграция қилиш орқали бу жараённи соддалаштириш ва арзонлаштириш мумкин. Шу нуқтаи назардан, тизимни сақлаш ва юритиш учун зарур харажатлар билан фуқаролардан йиғилаётган маблағ ўртасидаги нисбат ҳам очиқ кўрсатилиши керак.

Нега тизим пулли ва маблағлар қаерга кетмоқда?

UzIMEI билан боғлиқ асосий эътирозлардан бири — тўловнинг мажбурийлиги. Ўзбекистонга олиб кирилган мобил қурилмалар белгиланган муддат ичида рўйхатдан ўтказилиши керак. Акс ҳолда, қурилманинг маҳаллий мобил тармоқларда ишлаши чекланади.

Ғафуров тизим учун белгиланган тўловнинг базавий ҳисоблаш миқдорига боғланганини ҳам танқид қилди. БҲМ ошиши билан рўйхатдан ўтказиш харажати ҳам ортиб боради. Бироқ бу хизмат қиймати айнан қандай иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида белгиланганига доир саволлар мавжуд.

Унинг фикрича, аввало, ушбу тўловнинг ҳуқуқий ва иқтисодий моҳияти тушунтирилиши керак. Агар бу солиқ ёки давлат божи бўлса, маблағнинг бюджетга йўналтирилиши ва сарфланиш тартиби аниқ бўлиши лозим. Агар хизмат ҳақи бўлса, унинг қиймати қандай харажатлар асосида шакллангани изоҳланиши керак.

«Майли, тўлов бўлсин, мен тайёрман. Лекин мана шу пул қаерга кетаётганини кўрсатсин», — дейди Ғафуров.

Ғафуровнинг таъкидлашича, давлат ва хусусий сектор иштирокидаги бундай тизимларда молиявий шаффофлик муҳим. Фуқаролар тўлаётган маблағлар қаерга сарфланаётгани, тизимни юритиш учун қанча харажат қилинаётгани ва бунинг эвазига қандай натижаларга эришилаётгани очиқ эълон қилиниши керак.

Тендердан хорижий компаниялар алмашинув жараёни

UzIMEI тизимининг ташкил этилиш тарихи ва оператор компаниялар билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокамада алоҳида ўрин олди. Ғафуровнинг айтишича, дастлаб тизимни яратиш бўйича тендерда Туркиянинг TGG компанияси 2,5 млн долларлик таклиф билан ғолиб бўлган. Бу маблағ тайёр тизимни яратиш учун таклиф қилинган, кейинчалик доимий тўловлар назарда тутилмаган.

Бироқ кейинчалик лойиҳа билан боғлиқ компания ўзгарган ва «Delta Communication» номи пайдо бўлган. Ғафуров компаниянинг АҚШдан Австрияга, кейинчалик Сингапур билан боғлиқ тузилмага ўтганини таъкидлаб, бундай ўзгаришлар қандай асослангани бўйича жамоатчиликка етарлича маълумот берилмаганини айтди.

Унинг фикрича, айниқса, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари билан ишлайдиган тизимда операторнинг эгалик тузилмаси, техник имкониятлари ва жавобгарлиги очиқ бўлиши керак.

Муҳокамада тизимдаги 51 фоизлик улуш хорижий компанияга, 49 фоизи эса давлатга тегишли экани ҳам тилга олинди. Ғафуров давлат улушининг келгусидаги тақдири, уни сотиш режалари ва бундай қарорларнинг шахсий маълумотлар хавфсизлигига таъсири юзасидан саволлар борлигини билдирди.

Бироқ компанияларнинг эгалик тарихи, акциядорлар таркиби ва маълумотлар сақланадиган серверлар жойлашуви бўйича муҳокамада мустақил тасдиқланган ҳужжатлар келтирилмади. Шу сабабли бу масалалар тегишли ташкилотларнинг расмий изоҳини талаб қилади.

Тизим ўғирланган телефонларни топишга ёрдам беряптими?

UzIMEI тизимининг асосий мақсадларидан бири ўғирланган телефонларни аниқлаш ва уларнинг ноқонуний ишлатилишининг олдини олиш ҳисобланади. Бироқ тизимнинг етти йиллик фаолияти давомида бу борада қандай натижаларга эришилгани ҳам муҳим савол бўлиб қолмоқда. Хусусан, қанча телефон ўғирлангани, улардан нечтаси IMEI орқали аниқлангани, қанча қурилма блоклангани ва эгаларига қайтарилгани ҳақида мунтазам ҳисобот берилиши керак.

Ғафуровнинг айтишича, унинг танишлари орасида телефонини йўқотганлар бор, бироқ уларнинг IMEI тизими ёрдамида қурилмасини қайтариб олгани ҳақида эшитмаган. Унинг фикрича, тизимнинг самарадорлигини фақат рўйхатдан ўтказилган қурилмалар ёки йиғилган маблағ билан баҳолаб бўлмайди. Бунинг учун ўғирланган телефонларни аниқлаш ва эгаларига қайтариш бўйича аниқ статистика керак.

Ғафуров, шунингдек, IMEI кодларини клонлаштириш ҳолатлари борлиги ҳақидаги хабарларни эслатди. Унинг фикрича, катта даромад олаётган ва хавфсизликни таъминлашни мақсад қилган тизимда бундай ҳолатларнинг олдини олиш механизмлари ҳам тушунарли бўлиши керак.

Рақамлаштириш ўрнига аэропортда қўлда текшириш

Хориждан келаётган фуқаролар ва сайёҳлар учун IMEI рўйхатидан ўтказиш жараёнидаги ноқулайликлар ҳам муҳокама қилинди.

Кўрсатувда айрим ҳолатларда қурилмаларни аэропортда олиб қолиш ва уларни текшириш жараёни узоқ давом этиши мумкинлиги айтилди. Хусусан, айрим телефонлар 30 кунгача олиб қолингани, жамоатчилик норозилигидан кейин эса уларни қайтариш жараёни бошланганига оид ҳолатлар эслатилди.

Бундай тартиб мамлакатда туризмни ривожлантириш ва рақамли хизматларни соддалаштириш мақсадларига қанчалик мос келиши савол остига қўйилди.

Ғафуров IMEI маълумотларини мавжуд давлат рақамли платформалари — OneID, MyID ёки MyGov билан интеграция қилиш мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мобил операторлар билан техник интеграция орқали қурилманинг IMEI кодини автоматик аниқлаш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнини фойдаланувчи учун анча қулай қилиш мумкин.

Бунда фуқародан қўшимча маълумотларни қайта-қайта киритиш ёки аэропортда узоқ вақт кутиш талаб этилмайди. Мавжуд рақамли инфратузилмадан фойдаланиш орқали ҳам жараённи тезлаштириш, ҳам маъмурий харажатларни камайтириш мумкин.

Ғафуровнинг фикрича, масала фақат пул билан чекланмайди. Сайёҳ ёки хориждан келган фуқаро телефонини рўйхатдан ўтказиш учун сарфлаган вақт ҳам иқтисодий қийматга эга. Унинг ҳисоб-китобига кўра, бундай жараёнлар натижасида одамларнинг вақт йўқотиши йилига 1,5 млн доллардан 8 млн долларгача қўшимча харажат келтириб чиқариши мумкин. Бу рақам кўрсатувда келтирилган тахминий ҳисоб-китоб бўлиб, мустақил тасдиқланган статистика эмас.

Шахсий маълумотлар хавфсизлиги масаласи

IMEI рўйхатидан ўтказиш жараёнида қурилма коди билан бирга фойдаланувчининг шахсий маълумотлари ҳам қайд этилади. Шу сабабли тизим операторининг техник хавфсизлиги ва маълумотларни сақлаш тартиби алоҳида аҳамиятга эга.

Муҳокамада маълумотлар қаерда сақланиши, уларга кимлар кириш имкониятига эга экани ва хорижий компаниянинг ушбу базалар устидан қандай ваколатларга эгалиги юзасидан саволлар кўтарилди.

Ғафуров тизимнинг очиқ интернет-ресурслари ва компания ҳақидаги маълумотлар етарлича ишонч уйғотмаслигини айтиб, киберхавфсизлик бўйича мустақил аудит ўтказилиши зарурлигини билдирди. Унинг фикрича, шахсий маълумотлар билан ишлайдиган компаниянинг техник хавфсизлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлиги жамоатчилик учун тушунарли тарзда кўрсатилиши керак.

Шу билан бирга, муҳокама давомида маълумотлар хорижда сақланаётгани ёки тизимда аниқ хавфсизлик бузилиши мавжудлиги тасдиқланмади. Бу масалалар ваколатли ташкилотларнинг расмий маълумотлари ва мустақил техник аудит орқали аниқлаштирилиши лозим.

Жаҳон тажрибаси: нега Қозоғистонда бепул ва Туркияда бу қиммат?

UzIMEI тизими бошқа мамлакатлардаги амалиёт билан ҳам таққосланди.

Ғафуровнинг таъкидлашича, Қозоғистонда IMEI рўйхатидан ўтказиш бепул. Унинг фикрича, бундай тизимни давлатнинг мавжуд рақамли инфратузилмаси орқали юритиш ва харажатларни бюджет ҳисобидан қоплаш мумкин.

У Туркиядаги юқори тўловларни ҳам мисол сифатида келтириб, ҳар қандай хорижий тажрибани Ўзбекистон учун намуна сифатида қабул қилиш тўғри эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатлар ўртасида таққослаш қилганда фақат тўлов миқдорини эмас, балки иқтисодий шароит, тизимнинг вазифаси ва фуқароларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ҳам ҳисобга олиш керак.

Ғафуровнинг фикрича, тизимнинг самарадорлигини баҳолашда йиғилган маблағнинг ўзи эмас, балки ноқонуний импортнинг қисқариши, ўғирланган телефонларнинг топилиши, истеъмолчилар учун яратилган қулайлик ва давлатга келган иқтисодий фойда ҳам ҳисобга олиниши керак.

Мажбурий тўловлар ва яширин харажатлар

Муҳокамада UzIMEI мисолида Ўзбекистондаги бошқа мажбурий тўловлар масаласи ҳам кўтарилди. Ғафуровнинг таъкидлашича, мамлакатда солиқ юки нисбатан паст экани ҳақида кўп гапирилади. Бироқ фуқаро ва тадбиркорларнинг харажатлари фақат солиқлардан иборат эмас. Сертификатлаш, рухсатномалар, турли маъмурий хизматлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳам умумий харажатларни оширади.

Унинг фикрича, бундай тўловларни алоҳида кўриб чиқиш эмас, балки уларнинг умумий иқтисодий юкини ҳисоблаш керак. Чунки ҳар бир қўшимча харажат охир-оқибат истеъмолчи ёки тадбиркор зиммасига тушади.

Ғафуров утилизация йиғими ва бошқа мажбурий тўловларни ҳам мисол сифатида келтирди. Унинг фикрича, бундай тўловлар жорий этилганда уларнинг иқтисодий асослари, йиғилган маблағлар қаерга сарфланиши ва қандай натижа бераётгани очиқ кўрсатилиши керак.

«Майли, тўловлар бўлсин, лекин шаффоф бўлса ҳам майли эди-да. Яъни мана шу пул қаерга сарфланяпти?» — дейди у.

У очиқ бюджет тизимида ҳам маблағларнинг сарфланиши бўйича фуқароларга янада тушунарли маълумот берилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, одамлар тўлаган солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлари эвазига қандай инфратузилма ёки хизматлар яратилганини кўра олиши керак.

«Томонлар»нинг иккинчи томони ҳам жавоб бериши керак

Vaqt.uz суҳбат давомида UzIMEI вакилларини ҳам муҳокамада иштирок этишга таклиф қилган. Дастлаб таклифга розилик билдирилган бўлса-да, кейинчалик ташкилот вакиллари аэропортдаги иш жараёнлари билан бандлигини сабаб қилиб кела олмаслигини айтган.

Шу боис UzIMEI тизимининг молиявий фаолияти, оператор компаниялар ва шахсий маълумотлар хавфсизлиги бўйича саволларга ташкилот вакилларининг жавоблари олинмади.

UzIMEI вакиллари учун қуйидаги саволлар очиқ қолмоқда: етти йил давомида йиғилган 253 млн доллар қандай тақсимланган? Тизимнинг реал харажатлари қанча? Ўғирланган телефонларни аниқлаш бўйича қандай натижаларга эришилган? Оператор компанияларнинг ўзгариши қандай асосланган? Фуқароларнинг шахсий маълумотлари қаерда ва қандай ҳимояланмоқда? Нима учун мавжуд давлат рақамли хизматлари билан интеграция қилиш орқали жараённи соддалаштириш имкониятлари тўлиқ ишга солинмаган?

Умуман, UzIMEI атрофидаги баҳс фақат телефонларни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган маблағ ҳақида эмас. Бу мажбурий хизматларнинг иқтисодий асосланганлиги, давлат ва хусусий операторлар ўртасидаги муносабатлар, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлик масаласи. Рақамли хизматлар фуқароларнинг вақтини ва маблағини тежаши керак. Агар бунинг акси юз берса, тизимнинг мавжудлиги ва ундан олинаётган даромаднинг ўзи унинг самарадорлигини исботламайди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 239

Barchasi

Mavzuga oid