Logo

«Cargolux» Ўзбекистонга мунтазам юк рейсларини амалга оширади

Bugun 14:051 daqiqa

Люксембург авиакомпанияси Навоий аэропортига «Boeing 747F» юк самолётларида қатнайди. Ойига 40–50 тагача рейсни йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилган.

«Cargolux» Ўзбекистонга мунтазам юк рейсларини амалга оширади © O'zaviatsiya agentligi

Люксембургнинг «Cargolux Airlines» авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам юк ташиш парвозларини амалга ошириш учун рухсатнома берилди. Бу ҳақда «Ўзавиация» агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотига кўра, авиакомпания рейслари Навоий халқаро аэропортида «Boeing 747F» русумли юк самолётларида бажарилади.

«Cargolux» қандай компания?

«Cargolux» — Люксембургда жойлашган, ҳаво орқали юк ташишга ихтисослашган авиакомпания. У 1970 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий базаси Люксембург аэропортида жойлашган. Компания дунё бўйлаб мунтазам ва чартер юк рейсларини бажаради. Авиакомпания маълумотларига кўра, унинг паркида 30 та «Boeing 747-400» ва «Boeing 747-8» юк самолёти мавжуд. Компаниянинг Хитойдаги иккинчи таянч аэропорти Чженчжоу шаҳрида жойлашган.

Авиакомпания одатий юклар билан бирга оғир ва йирик ўлчамли ускуналар, шунингдек, муайян ҳароратда сақланиши керак бўлган маҳсулотларни ҳам ташийди.

«Cargolux» вакиллари рухсатнома берилишидан аввал Навоий халқаро аэропортига ташриф буюрган. Аэропорт хабарига кўра, улар самолётларга ёқилғи қуйиш имкониятлари, ёқилғи захираси ва сифати, шунингдек, лаборатория текширувлари тартиби билан танишган. Учрашувда ойига 40–50 тагача рейсни амалга ошириш имконияти кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ва Марказий Осиё ўртасида йўловчи ва юк ташиш авиақатновлари кўпаяётгани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid