«Imarat Development» устидан жиноят иши қўзғатилди
Компания мижозларининг пулини қайтармагани юзасидан тергов ҳаракатлари бошланди. Иш фирибгарлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш аломатлари билан тергов қилинмоқда.
© yandex mapsТошкент шаҳрида фаолият юритувчи «Imarat Development» МЧЖ раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
Қайд этилишича, компания томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли турар жой бинолари Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида жойлашган. Уйлар Тошкент шаҳри эмас, вилоят ҳудудида қурилаётгани сабабли айрим фуқаролар бундан норози бўлган.
Улар хонадонлар учун аввал амалга оширган тўловларини қайтаришни сўраб, компания раҳбариятига мурожаат қилган. Бироқ тўланган маблағлар фуқароларга қайтарилмаган.
Мазкур мурожаатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилган. Натижада ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик ҳамда 192¹¹-моддаси — нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва прокуратура назоратига олинган. Тергов якунларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.





