Вазирлик ва ҳокимликларда ҳар пайшанба – Ёшлар куни бўлади
«Кўксарой» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» сифатида белгиланди. Бу ташаббус ёшлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишни мақсад қилади.
Белгиланган кунда соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бевосита бориб, ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказади. Ёшларнинг таклиф ва муаммолари тингланиб, уларни тезкор ҳал қилиш бўйича аниқ чоралар кўрилади.
Ҳокимлар ёшларга мўлжалланган савдо ва сервис лойиҳаларини амалга оширади. Шунингдек, ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб ва хорижий тил ўрганиши, ишга жойлашиши ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашиш асосий вазифа сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, энг яхши томорқачи, фермер, саноатчи, стартапчи, ижодкор ва маънавият соҳасида фаол ёшлар учун танлов ва ярмаркалар ўтказилади. Қизиқарли мавзулардаги ушбу тадбирлар ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилади — Президент
Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексда энг тез суръатларда ривожланаётган давлат деб эълон қилинди. Президент бу натижани мамлакат ёшлар сиёсати самараси сифатида баҳолаб, бу барчага ғурур бағишлашини таъкидлади.
Давлат раҳбари жорий йилда Тошкент шаҳрида Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати бош қароргоҳи ташкил этилишини маълум қилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳри Ёшлар парламенти аъзоларининг 12-глобал конференциясига мезбонлик қилади.
Бундан ташқари, «Take Off» халқаро стартап саммити ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳам юртимизда ўтказилиши режалаштирилган.
«Албатта, янги методика ва инновация олиб кириб, таълим сифатини ошириш ва болаларни касбининг устаси қилиш ҳақида изланадиган раҳбарнинг фаолиятида ўзгариш бўлади, ишига янгича муҳит киради», деди давлат раҳбари.
Ёшларнинг глобал ютуқлар ва янги марралар
Ўтган йил давомида ўзбекистонлик ёшлар жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш ва 221 та бронза медалини қўлга киритди. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти тобора юксалаётганини намоён этмоқда.
Нуфузли хорижий университетларда таҳсил олаётган ёшлар сони ҳам кескин ошди. Бугунги кунда Harvard University, Yale University, Princeton University, Columbia University ва Cornell University каби дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 500 нафардан ошди. Жаҳоннинг ТОП-100 университетларида ўқувчи йигит-қизларимиз эса 3,5 минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда.
Инновация ва стартап йўналишида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Янгиликка интилувчан ёшлар томонидан ишлаб чиқилган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига кириб борди. Бу лойиҳалар рақамли технологиялар, молиявий хизматлар ва таълим соҳасини қамраб олган.
Спорт соҳасида ҳам ёшлар юксак натижалар қайд этди. Халқаро мусобақаларда 720 та олтин, 671 та кумуш ва 854 та бронза медали қўлга киритилди. Бу натижалар мамлакатнинг спорт инфратузилмаси ва тайёргарлик тизими самарасини кўрсатмоқда. Бугун ёш тадбиркорлар юртимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этади.





