Logo

Хивада 12 гектарлик халқаро туризм шаҳарчаси қурилади

Bugun 09:002 daqiqa

Шаҳарда тарихий мерос ва замонавий инфратузилма уйғунлашган янги мажмуа пайдо бўлади.

Хивада 12 гектарлик халқаро туризм шаҳарчаси қурилади © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида барпо этилиши режалаштирилган халқаро туристик шаҳарча лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, янги туристик шаҳарча тарихий мерос ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини уйғунлаштирган ҳолда барпо этилади. Унинг меъморий концепциясини ишлаб чиқишда Хоразмнинг кўп асрлик шаҳарсозлик анъаналари, жумладан, 1511 йилда Хива хонлигининг илк пойтахти бўлган қадимий Вазир шаҳрининг тарихий тузилиши ва кўчалар тармоғи асос қилиб олинган.

Шаҳарча Ичан-қалъага тушаётган туристик юкламани камайтириш, сайёҳларга янги хизматлар ва йўналишлар таклиф этиш учун ташкил этилади.

Туристлар учун янги мажмуа

Умумий майдони 12,3 гектар бўлган мажмуада меҳмонхоналар, тарихий ва замонавий экспонатлар намойиш этиладиган музей, миллий ва халқаро таомлар ресторанлари, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилади.

Ҳудуднинг катта қисми яшил майдонлар ва сайр йўлакларига ажратилади. Шунингдек, шаршарали фавворалар ва ички ариқлар барпо этилади.

Автотураргоҳларда қуёш панеллари ўрнатилган соябонлар бўлиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида минглаб янги иш ўринлари яратилиши ҳамда аҳоли учун автомобиллар ҳаракатидан холи яшил дам олиш ҳудудлари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Туризм оқими ўсмоқда

Хоразмда туризм инфратузилмаси сўнгги йилларда сезиларли кенгайган. Охирги тўққиз йилда вилоятда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилган, меҳмонхона фонди эса тўрт баробар ошган.

Шу даврда 11 та янги туризм маскани ишга туширилган. Сўнгги беш йилда Хоразмга келаётган хорижий сайёҳлар сони эса 10 карра кўпайган.

Туризм ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши сайёҳлар оқимини янада ошираётгани қайд этилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid