Logo

Хоразмда 7,4 млрд долларлик лойиҳаларга старт берилди

Kecha 22:552 daqiqa

БАА, Хитой, Япония ва Жанубий Корея инвесторлари иштирокидаги лойиҳалар асосан энергетика, саноат ва туризмга йўналтирилган бўлиб, ҳудудда 6,6 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Хоразмда 7,4 млрд долларлик лойиҳаларга старт берилди © Foto: president.uz

Хоразм вилоятида умумий қиймати 176 млн доллар бўлган 12 та лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида 7,424 млрд долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳридаги «Farovon Khiva Hotel» меҳмонхонасида ўтказилган маросимда янги инвестиция лойиҳаларининг аҳамиятини таъкидлади. Унга кўра, ҳудудда янги иш ўринлари ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

«Бу ишларимизнинг давоми сифатида бугун сизлар билан 176 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга туширамиз. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида барпо этиладиган 7 миллиард 424 миллион долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берамиз», — деди давлат раҳбари.

Энергетикадан туризмгача

Йирик лойиҳалар орасида Тупроққалъа туманида БAAдаги ҳамкорлар билан 6 млрд долларлик экологик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси бор. Унда Хитойнинг «Sinopec» компанияси ҳам иштирок этади.

Шунингдек, Словакиялик ҳамкорлар билан 170 млн долларлик биоэтанол корхонаси ташкил этилади. Урганч шаҳрида япон инвесторлари билан 30 млн долларлик 250 ўринли меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуаси қурилмоқда.

Урганч туманида корейс инвесторлари иштирокида 100 млн долларлик лойиҳа доирасида чиқиндиларни қайта ишлаб, 71 МВт «яшил» энергия ишлаб чиқариш қуввати яратилади.

Бундан ташқари, Хива яқинида 26 гектар майдонда 120 млн долларлик «Саҳро юлдузи» туристик мажмуаси, Урганч туманида мис саноати кластери ҳамда оптик толали кабел ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.

6,6 минг иш ўрни яратилади

Лойиҳалар нафақат ишлаб чиқариш ва инфратузилмани кенгайтириш, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам қаратилган. Амалга оширилаётган ташаббуслар натижасида 6,6 мингта янги иш ўрни пайдо бўлиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, Хоразмда инвестиция фаоллиги сўнгги йилларда сезиларли даражада яхшиланган. 2016 йилда вилоятга атиги 30 млн доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 2 млрд доллардан ошмоқда.

Teglar

Mavzuga oid