Хорижда ўқиётган ёшлар давлат идоралари ва хусусий корхоналарга ишга жалб қилинади
Шавкат Мирзиёев иқтидорли янги авлод раҳбарларини саралаш ҳамда 2030 йилгача миллий кадрлар захирасини шакллантириш бўйича янги тизимни кўриб чиқди.
© finance.yahoo.comПрезидент Шавкат Мирзиёев иқтидорли бошқарувчилар, лидерлар ва янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда давлат хизмати учун замонавий кадрлар захирасини шакллантириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги таклифлар муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, мамлакатга ҳар йили 50 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилиниши, экспорт ҳажмининг 40 миллиард долларга яқинлашиши ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларнинг кўпайиши рақобатбардош иқтисодиёт учун зарур кадрларга бўлган эҳтиёжни оширмоқда.
Шу муносабат билан сунъий интеллект орқали иқтисодиёт тармоқлари таҳлил қилиниб, 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича бошқарув кадрларига талаб юқори экани аниқланган. Айниқса, энергетика ва «яшил» технологиялар, қурилиш ва урбанизация, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида малакали мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилган.
«TOP-100» танлови йўлга қўйилади
Янги тизимга кўра, раҳбар кадрлар анъанавий «обйективка» эмас, балки билим, тажриба, стратегик фикрлаш, лидерлик қобилияти ва психологик хусусиятларни қамраб оладиган портфолио асосида баҳоланади.
Номзодлар 100 баллик мезон орқали сараланади, сунъий интеллект эса улар учун шахсий ривожланиш дастурини шакллантиради.
Ҳар икки йилда 500 нафар истиқболли бошқарувчини танлаб олиш, 2030 йилгача эса 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли раҳбардан иборат миллий кадрлар захирасини яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, аграр соҳа, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ, таълим, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларини қамраб оладиган «TOP-100» очиқ танловини ташкил этиш таклиф қилинган
«Хориждаги талабалар» модули ишга туширилади
Миллий кадрлар захирасини шакллантиришда хориждаги ватандошлар, шунингдек, дунёнинг энг нуфузли 100 та университетини тамомлаган ва уларда таҳсил олаётган ёшлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.
Бу борада 2026 йил 1 октябрдан career.edu.uz платформасида «Хориждаги талабалар» модулини ишга тушириш режалаштирилган. У орқали чет элда таълим олаётган ёшлар давлат идоралари ва хусусий корхоналарга бириктирилади, уларнинг амалиёт ўташи, иш берувчилар билан мулоқоти ҳамда келгусида ишга жалб қилиниши таъминланади.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолияти такомиллаштирилади
Тақдимотда «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, жамғарма трансформациясидан сўнг дунёнинг энг нуфузли 100 университетида таҳсил олаётган стипендиатлар улуши 30 фоиздан 80 фоизга етган.
Шунингдек, иқтидорли ёшларни хорижий университетларда манзилли тайёрлаш, уларнинг стартаплари ва илмий тадқиқотларини грантлар орқали қўллаб-қувватлаш ҳамда Сингапур, Малайзия, Буюк Британия ва Япония тажрибаси асосида раҳбарлар учун лидерлик дастурларини ташкил этиш таклифлари билдирилган.