
Хотинларда — миллионлар, амалдорларда — нол: Тўқаев маъмуриятидагиларнинг қанча топаётгани эълон қилинди
Қозоғистон Президент маъмурияти 2024 йил учун даромад декларацияларини эълон қилди. Айрим амалдорлар нол даромад, турмуш ўртоқлари эса миллионлаб тенге кўрсатган.

Қозоғистон Президент маъмурияти 2024 йил учун юқори лавозимли амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари даромадлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда Aqorda нашри хабар берди.
Ҳужжатларда айрим ҳолатларда давлат хизматчилари ўзларига нисбатан нол даромад кўрсатиб, барча асосий молиявий тушумлар турмуш ўртоқлари номи билан қайд этилгани эътиборни тортди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, маъмурият раҳбари ўринбосари, собиқ Олмаота ҳокими Эрболат Дўсаев 14 миллион тенге (тахминан 27,4 минг доллар) даромад қайд этган. Унинг турмуш ўртоғи эса 2,3 миллиард тенгелик даромад кўрсатган бўлиб, бу тахминан 4,5 миллион долларга тенг.
Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетов ўз декларациясида нол даромад кўрсатган, унинг турмуш ўртоғи эса 24,9 миллион тенге даромадга эга экани маълум қилинган. Президент ёрдамчиси Қуваншбек Эсекееев ҳам худди шу каби ҳолатни кўрсатиб, барча даромадлар унинг рафиқаси — 48 миллион тенге (тахминан 94,6 минг доллар) миқдорида қайд этилган.
Президент маслаҳатчиси Алексей Цой декларацияда нол кўрсаткич берган бўлса, турмуш ўртоғи 1 миллион тенге даромад кўрсатган. Шунингдек, маъмурият давлат инспектори Батыржан Байжуманов ҳам шахсий даромад сифатида нол кўрсатиб, рафиқаси 2,6 миллион тенге (тахминан 5,1 минг доллар) даромад олгани маълум қилинган.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 2025 йилдан давлат хизматчилари учун даромад декларацияларини очиқ эълон қилиш мажбурияти жорий этилган.





