Logo

Япония Ўзбекистонга энергия тежамкорлиги учун 230 миллион долларга яқин кредит ажратади

Bugun 10:002 daqiqa

Япония Ўзбекистоннинг мактаблар, тиббиёт муассасалари ва саноат корхоналарида энергия тежовчи технологияларни жорий этиш учун қарийб 230 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратмоқда.

Япония Ўзбекистонга энергия тежамкорлиги учун 230 миллион долларга яқин кредит ажратади

Тошкент шаҳрида 10 июн куни Ўзбекистон ва Япония ўртасида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган икки йирик лойиҳа бўйича алмашинув ноталари имзоланди. Ҳужжатларга Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хирата Кензи ҳамда Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров имзо чекди.

Биринчи лойиҳага ажратилган пул миқдори

Келишувга кўра, биринчи лойиҳа — «Давлат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш» учун 21,79 миллиард иена ёки тахминан 136 миллион доллар ажратилади. Ушбу маблағлар мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия тежовчи ускуналар ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга сарфланади.

Иккинчи лойиҳа

Иккинчи лойиҳа — «Саноат соҳасида энергия самарадорлигини ошириш» учун 14,97 миллиард иена ёки 93,4 миллион долларлик кредитни назарда тутади. Мазкур дастур доирасида корхоналар ва тадбиркорларга энергия тежовчи технологияларга инвестиция киритиш учун узоқ муддатли ва паст фоизли кредитлар тақдим этилади.
Иккала кредит ҳам 25 йил муддатга, шу жумладан 7 йиллик имтиёзли давр билан берилади. Асосий маблағ учун фоиз ставкаси 2,4 фоизни, консалтинг хизматлари учун эса 0,8 фоизни ташкил қилади.

Япония элчихонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон энергетика тизими асосан табиий газ каби қазилма ёқилғиларга таянади. Шунинг учун энергия сарфини қисқартириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш мамлакат учун долзарб вазифа ҳисобланади.

Томонлар учрашувда энергия самарадорлигидан ташқари қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Лойиҳалар «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида белгиланган «Яшил ривожланиш ва барқарорлик» йўналишининг амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid