Йил якунига қадар инфляция пасайишдан тўхтаб, нархлар тезроқ ошиши мумкин – Марказий банк
Жорий йил якунига қадар глобал инфляция 4,7 фоизга етиши кутилмоқда. Нефть нархининг кўтарилиши Ўзбекистонда ёқилғи ва транспорт харажатларини, ўғит ва озиқ-овқат қимматлашуви эса импорт ҳамда ички нархларни ошириши мумкин.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банкнинг 2026-йил иккинчи чоракдаги пул-кредит сиёсати шарҳида келтирилишича, жаҳон иқтисодиёти Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликларга кутилганидан тезроқ мослашган. Энергия таъминотидаги узилишлар захиралар ҳисобидан қопланган, айрим давлатларда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилган.
Бироқ энергия ва юк ташиш харажатлари ҳануз юқори. Бу ишлаб чиқариш ва етказиб бериш таннархини ошираётгани сабабли ташқи бозордаги босим яқин ойларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.
Жаҳон бозорида хомашё қимматлашуви инфляцияни ошириши мумкин
Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръати 2026-йилда 3 фоизгача секинлашиши, 2027-йилда эса 3,4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шу билан бирга, глобал инфляция 2025-йилдаги 4,1 фоиздан 2026-йилда 4,7 фоизгача ошиши, 2027-йилда эса 3,9 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Бунга хомашё бозоридаги қимматлашув ҳам сабаб бўлиши мумкин. 2026-йилда жаҳон бозорида нефть нархи ўртача 31,8 фоиз, минерал ўғитлар 26 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари эса 8 фоиз қимматлашиши кутилмоқда.
Нефтнинг қимматлашуви фақат ёқилғи нархига эмас, транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларига ҳам таъсир қилади. Ўғит нархининг қимматлашиши эса қишлоқ хўжалиги таннархини, ундан кейин озиқ-овқат нархларини ҳам ошириши мумкин.
Аввалроқ Марказий банк раиси Темур Ишметов хомашё нархларидаги ўзгаришлар бугунгача таъсир қилмаганини таъкидлаган эди. Бироқ регулятор ҳар икки хил сценарийга ҳам тайёргарлик кўрмоқда.

«Бу ҳали Ўзбекистонга бевосита таъсир кўрсатмади, бироқ иккиламчи таъсирлар юзага келиши ва бизга таъсир қилиши мумкинми-йўқми, буни диққат билан кузатиб боряпмиз», деган Ишметов.
Ёқилғи нархи транспорт харажатларини оширмоқда
Халқаро инфляция ошиши Ўзбекистонга импорт маҳсулотлари орқали сезилади. Чунки мамлакат ташқи савдосида импортнинг улуши юқори.
2026-йилнинг дастлабки 6 ойида минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорти 2,23 млрд долларга етиб, бир йилга нисбатан 19,3 фоизга ошган. Озиқ-овқат импорти эса 2,82 млрд долларни ташкил этиб, 44,2 фоизга кўпайган.
Ёқилғи нархидаги ўзгариш ички бозорда ҳам сезилмоқда. Июль ойида АИ-98 ва АИ-100 бензини 10 фоизга, АИ-95 бензини 8,5 фоизга, АИ-92 бензини эса 3,9 фоизга қимматлашган. Ёқилғи қимматлашиши эса транспорт ва етказиб бериш харажатларини ҳам оширади.
Бундан ташқари, логистика йўналишларидаги вазият ҳали тўлиқ барқарорлашмаган. Масалан, Ҳурмуз бўғози орқали юк ташиш ҳажми 2026-йил июль ойида тиклана бошлаётган бўлса-да, тўлиқ барқарорлашиш жараёнлари 2027-йил мартгача чўзилиши мумкин.
Яъни, ташқи бозордаги қимматлашув Ўзбекистонга фақат импорт товарлари нархи орқали эмас, балки уларни мамлакатга олиб келиш харажатлари орқали ҳам таъсир қилади.
Ташқи савдонинг 47 фоизи уч давлат ҳиссасига тўғри келади
Юқоридаги хавфларнинг Ўзбекистон учун аҳамиятини ташқи савдо таркибида ҳам кўриш мумкин. 2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакат ташқи савдо айланмаси 41 млрд долларни ташкил этди. Унинг 23,1 фоизи Хитой, 17,1 фоизи Россия ва 6,8 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Яъни ташқи савдонинг қарийб ярми учта давлат билан боғлиқ.

Манба: Марказий банк
Хитойда инфляция пастлиги ички талабнинг заифлиги билан боғлиқ
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, 2026-йилнинг январь–июнь ойларида икки давлат ўртасидаги савдо қарийб 9,5 млрд долларга етди. Июнь ойида мамлакатда инфляция 1 фоизни ташкил этди, бир йиллик кредит ставкasi эса 3 фоиз даражасида сақланиб қолди. Бу Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотлар нархига босим ҳозирча кучли эмаслигини англатади. Бироқ ички талабнинг сустлиги Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талабни чеклаши мумкин.
Россияда эса юқори инфляция ва қиммат кредитлар иқтисодий фаолликка босим қилмоқда.
Июнь ойида инфляция 6 фоизни ташкил этди ва йил якунида 6–7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Россия Ўзбекистон учун муҳим савдо ҳамкори бўлиб, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми қарийб 7 млрд долларни ташкил этади. Энергетика ҳам бу алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири. Хусусан, 2026-йилда Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш 10 млрд куб метрдан ошиши мумкин. Бу 2025-йилдаги 7 млрд куб метрдан қарийб 43 фоиз юқори.
Қозоғистонда инфляция янада юқори – 10,3 фоиз
Шунга қарамай, Миллий банк асосий ставкани 17 фоизгача пасайтирди. Ички талаб, бюджет харажатлари, коммунал тарифлар ва ёқилғи нархлари эса нархлар босимини сақлаб турибди. Қозоғистон билан савдо 2,8 млрд долларга яқинлашган, жорий йилнинг ярмида экспорт 717 млн долларни ташкил қилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, асосий савдо ҳамкорларидаги фаоллик экспорт ва пул ўтказмаларини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Бироқ энергия ва логистика харажатларининг юқорилиги ташқи инфляция хавфини сақлаб қолади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда август ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 3,1 фоиз бандга пасайиб, 9,8 фоизни ташкил қилганди. Шунга қарамай, сўровда қатнашганларнинг 53 фоизи коммунал тўловлар, 52 фоизи эса ёқилғи-энергия нархларини асосий хавотирлар қаторида қайд этган.





