Logo

Ўзбекистонда банкнот ва тангаларга қўйиладиган талаблар ҳамда нақд пул муомаласи кафолатлари белгиланди

Kecha 15:352 daqiqa

Муомалага чиқариладиган банкнот ва тангалардаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилади. Янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида 1 ҳафта олдин бу ҳақда аҳолига хабар берилади.

Ўзбекистонда банкнот ва тангаларга қўйиладиган талаблар ҳамда нақд пул муомаласи кафолатлари белгиланди © stock

Ўзбекистонда муомалага чиқариладиган банкнот ва тангалардаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг нақд пул олиш ҳуқуқи кафолатланиши белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан 2026-йил 17-ноябрда 3977-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома»да маълум қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилишидан камида 1 ҳафта олдин бу ҳақда аҳолига хабар берилади.

Пул белгиларига қўйиладиган талаблар

Йўриқномага кўра, муомалага чиқариладиган пул белгиларида қуйидагилар бўлиши шарт:

— пулнинг рақамлар билан ифодаланган номинал қиймати;
— пул белгиларини бир-биридан осон фарқлаш имконини берувчи ўлчам ва ранглар;
— Марказий банкнинг номи;
— пул белгиси дизайни ва намунаси тасдиқланган йил;
— Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ёки Давлат байроғи тасвири;
— қалбакилаштиришдан ҳимояловчи элементлар.

Шунингдек, банкнотларда уларнинг серияси ва рақами, номинал қийматининг ёзув билан ифодаси, барча турдаги тўловлар учун қабул қилиниши мажбурийлиги ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ёзувлар бўлиши лозим.

Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти, қадриятлари, буюк алломалар ва мамлакат ютуқларини акс эттирувчи тасвирлардан фойдаланилади.

Бундан ташқари, пул белгилари инсон саломатлиги учун хавфсиз хомашёлардан тайёрланиши ва замонавий ҳимоя элементларига эга бўлиши керак.

Нақд пул олиш, банкоматлар ва бепул айирбошлаш тартиби

Йўриқнома билан аҳоли ва тадбиркорларнинг нақд пул олиш ҳуқуқи кафолатланади. Банклар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳисобварақларида мавжуд маблағлари доирасида нақд пул олишга бўлган талабларини биринчи талаб бўйича узлуксиз қондириши шарт. Шу билан бирга, банклар муомаладаги нақд пулларни номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилади.

Ҳужжатда банкоматларни нақд пул билан таъминлаб бориш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, банклар мижозларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжини ва банкоматлардаги нақд пул айланмасини мунтазам таҳлил қилади. Нақд пул етишмаслиги кутилганда банклар қўшимча маблағларни жалб этиш чораларини кўради.

Бундан ташқари, пул белгиларини бепул айирбошлаш имконияти назарда тутилган. Марказий банк ва тижорат банклари талабга кўра бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдаги пул белгиларига ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги банклар ўртасида нақд пул тақсимоти электрон тизимга ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid