Ёқилғи ва газ шохобчаларидаги 46 мингдан ортиқ камчиликдан сўнг хавфсизлик талаблари кучайтирилди
Текширувларда 46,7 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқлангач, ҳукумат U-Gas тизимини мажбурий қилиш, эски ва номаълум муддатдаги ускуналардан фойдаланишни чеклаш ҳамда хавф туғдираётган объектларни босқичма-босқич кўчириш бўйича қарор қабул қилди.
© natemat.plЎзбекистонда автомобилларга ёқилғи қуйиш ҳамда газ тўлдириш шохобчаларида авария ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган янги чоралар белгиланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 18-июндаги 315-сон қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, мамлакатдаги суюлтирилган ва сиқилган газ ҳамда нефть маҳсулотлари сотувчи жами 6 196 та ёқилғи қуйиш шохобчаси, шунингдек, маиший газ баллонларини тўлдириш станция ва пунктлари хатловдан ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида 46,7 мингдан ортиқ қоидабузарлик ва камчилик аниқланган. Уларнинг асосий қисми саноат ва техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, технологик жараёнларга риоя этиш, экологик талаблар ҳамда қурилиш меъёрлари билан боғлиқ бўлган. Текширув давомида 7 166 та камчилик жойида бартараф этилган, 464 та объект фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.
Ҳукумат, шунингдек, табиий газ савдосини назорат қилиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган “U-Gas” тизими ишга туширилганини маълум қилди. Мазкур тизимда 1 553 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси рўйхатдан ўтган бўлиб, 1 459 тасида тизим амалиётга жорий этилган. Бу станциялар фаолиятини ва ҳисоб-китобларни онлайн кузатиш имконини беради.
Бундан ташқари, эндиликда бундай объектларда тегишли лицензиялар, техник ҳужжатлар, соз ҳолатдаги ёнғин ўчириш воситалари, текширувдан ўтган ўлчов ускуналари ҳамда малакали ходимлар бўлиши шарт.
Мазкур талабларнинг бажарилиши Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергия ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Саноат хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Экология қўмитаси томонидан назорат қилинади.
2026 йил 1 сентябргача ушбу объектлар учун минимал муҳандис-техник штатлар тасдиқланиши режалаштирилган. Шу санадан бошлаб хизмат муддати тугаган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган, юқори босим остида ишловчи ускуналардан фойдаланиш тақиқланади. Мазкур чеклов 2030 йил бошигача амал қилади.
Шунингдек, “Eco Himoya” платформаси маълумотлари “U-Gas” тизими билан интеграция қилинади. Натижада газ қуйиш вақтида автомобилдаги газ баллон ускунасининг техник кўрикдан ўтган-ўтмагани автоматик текширилади.
Ҳукумат “U-Gas” тизимидан фойдаланишни барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари учун мажбурий талаб сифатида белгилади. Тизимни бошқариш ва техник қўллаб-қувватлаш вазифаси UZINFOCOM зиммасига юклатилди.
2026 йил 1 сентябрдан нефть маҳсулотлари, суюлтирилган ва сиқилган газ сақлаш сиғимлари билан ёнилғи тақсимлаш ускуналарини бир жойга жамлаган контейнерларни ўрнатишга фақат махсус хавфсизлик талабларига риоя этилган тақдирдагина рухсат берилади. Бунда сертификатланган модулли ёқилғи қуйиш шохобчалари, мустаҳкам пойдеворлар, ёнғинга қарши тўсиқлар, икки деворли сиғимлар ва автоматик блокировка тизимлари талаб этилади.
2027 йилдан бошлаб махсус курсларни тамомламаган ва тегишли сертификатга эга бўлмаган муҳандис-техник ходимлар билан ишлайдиган ёқилғи қуйиш ҳамда газ тўлдириш объектлари фаолияти камчиликлар бартаф этилгунга қадар тўхтатилади.
Бундан ташқари, ҳукумат нефть маҳсулотлари ва газ савдосини онлайн мониторинг қилиш тизимини яратиш, ёнилғи тарқатиш колонкалари орқали сотув маълумотларини реал вақт режимида олиш ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги газ сиғимларини босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича топшириқлар берди.
Маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳамда газ тўлдириш объектларининг ҳимоя ҳудудларида бошқа мақсадлардаги қурилишларга ер ажратмаслик вазифаси юклатилди.
Шунингдек, 2026 йил сентябргача хавфсизлик, шаҳарсозлик ва экологик талабларни бузган ҳолда фаолият юритаётган ҳамда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётган объектлар реестри шакллантирилади. Кейинчалик бундай шохобчаларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш чоралари ишлаб чиқилади.
Қарор ижроси устидан назорат Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юклатилган.





