«Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» кон захиралари маълум қилинди

Bugun 13:352 daqiqa

«Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларидаги захиралар саноатни камида 100 йил давомида хомашё билан таъминлаш имконини беради.

«Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» кон захиралари маълум қилинди

Ўзбекистонда мис саноатини чуқур қайта ишлаш қувватлари кескин кенгаймоқда. Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобидан мисни чуқур қайта ишлаш қуввати 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йил ичида амалга ошириладиган янги инвестиция лойиҳалари эса бу кўрсаткични янада оширишга хизмат қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинати 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида маълум қилди.

Дунёда мисга бўлган талаб ҳам изчил ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки бу металл бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва «яшил» тараққиёт учун стратегик хомашёга айланган. Шу боис мис саноатида юқори қиймат занжирини ярата олган давлатлар келажак саноатини барпо этаётгани алоҳида қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев геология-қидирув ишларига ислоҳотларнинг илк кунларидан катта эътибор қаратилганини таъкидлади. Мавжуд захиралар ва уларни саноатга жалб этиш имкониятлари аниқ белгилаб олинган. Шунинг ёрқин мисолларидан бири — «Ёшлик-1» кони ҳисобланади. Илгари ушбу конни ўзлаштириш қийин деб баҳоланган бўлса, бу йилнинг ўзидаёқ ундан 20 миллион тонна руда қазиб олиш режалаштирилган. Кейинги икки йилда бу кўрсаткич 60 миллион тоннагача ошади.

«Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конлари

«Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларида 45 миллион тонна мис ва 5 минг тоннадан ортиқ олтин захираси борлиги таъкидланди. Бу захиралар саноатни камида 100 йил давомида хомашё билан таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, конлардаги молибден, селен, теллур ва рений каби нодир металлар янги инновацион лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратади.

3-мис бойитиш фабрикаси

3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушгач, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мис концентрати ишлаб чиқариш ҳажми кунигa 2400 тоннанинг ўрнига 5000 тоннага етади. Лойиҳа доирасида 6 мингдан ортиқ ёшлар юқори даромадли иш ўринлари билан таъминланади. Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг энг илғор технологиялари жорий этилмоқда.

Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Бу орқали энергия сарфи 10 фоизга, маҳсулот таннархи 15 фоизга камайиши, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини қуриш ишлари бошланган. Ушбу корхона ҳам мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратади. Иккита йирик лойиҳа натижасида мис катоди ишлаб чиқариш йиллик 300 минг тоннага, олтин 33 тоннага, кумуш 203 тоннага ва молибден 1,7 минг тоннагача етади.

Бундан ташқари, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун муҳим хомашё ҳисобланган сулфат кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам уч баробар ошади. Бу эса комбинатга йилига қўшимча 5 миллиард доллар тушум келтириши кутилмоқда. Келгусида эса 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши режалаштирилган бўлиб, барча лойиҳалар амалга оширилса, Олмалиқ комбинати мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик учта комплексдан бирига айланади.

Teglar

Mavzuga oid