Кимдир ватан учун қилди гўё жанг, яна кимдир Роналдуга маҳлиё
Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатида қатнашиб, мусобақани очкосиз ҳолда, гуруҳ босқичидаёқ якунлади ва ортга қайтди. Бу кутилмаган натижа эмасдир, аммо ҳар қандай мухлис, жамоаси кучли ё кучсиз бўлишидан қатъи назар, майдонда муносиб кураш кўришни хоҳлайди.
Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатида қатнашиб, мусобақани очкосиз ҳолда, гуруҳ босқичидаёқ якунлади ва ортга қайтди. Бу кутилмаган натижа эмасдир, аммо ҳар қандай мухлис, жамоаси кучли ё кучсиз бўлишидан қатъи назар, майдонда муносиб кураш кўришни хоҳлайди. Жамоавий ўйинда таркибдаги ҳар бир футболчининг борини бериши муҳимдир. 6–7 футболчи максимал даражада ўйнаб, қолганлари охиригача курашмаса, шубҳасиз, натижа ҳам, шиддатли ўйин ҳам бўлмайди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамов ва Эрон ҳимоячиси Рамин Ризояннинг турнирдан кейинги интервьюлари ўзаро қиёсланиб, қизғин муҳокама қилинмоқда.
Қаторасига учта мағлубиятдан сўнг Ҳамдамов ортиқча афсусларсиз шундай деди:
«Португалия, Колумбия, Конгога қарши ўйинлар эсда қоларли бўлди. Айниқса, Роналдуга қарши ўйнаш орзуимиз эди ва орзуимиз амалга ошганидан хурсандмиз».
Эътибор беринг, «орзуим» ҳам эмас, «орзуимиз» деяпти. Демак, таркибдаги кўплаб футболчилар мундиалга Роналду ва бошқа юлдузларни яқиндан кўриш учун борган бўлиб чиқмоқдами? Бошқа мақсад йўқмиди? Португалияга қарши баҳсда футболчиларимиз Роналдуга маҳлиё бўлиб, майдонда жанг таклиф қила олишмагани яққол кўринганди. Таққослаш учун, 41 ёшли юлдуз ҳужумчи бизга иккита гол урди, аммо қолган икки ўйинда рақиблар унга деярли имконият қолдиришмади. Бизникилардан фарқли равишда, Колумбия ва Конго футболчилари диққат-эътибор (концентрация)ни йўқотишмади. Бутун миллат сенга кўз тикиб турганда, Роналдуга маҳлиё бўлиш ва ўйиннинг масъулиятини ҳис қилмасликни қандай тушуниш мумкин? Ғурур қани? Миллий жамоа футболчиси ҳам шундай интервью берадими?
Энди Ризояннинг интервьюсига эътибор қаратамиз. Фаолиятида учинчи бор мундиалда қатнашаётган 36 ёшли эронлик футболчи Миср билан дурангдан сўнг кўзда ёш билан шундай деди:
«Бугун нимагадир омадсиз кун бўлди. Вазиятларимиз бор эди — икки марта, уч марта, тўрт марта, беш марта... Эроннинг содда, аммо мағрур халқи юзига катта танафсусдан сўнг кулгу тақдим этмоқчи эдик. Аслида эронликлар бундан кўпроғига лойиқ. Бугун боримизни бердик. Ишонинг, ўлиб кетишга тайёр ҳолда «жанг»га кирдик. Мусобақага қадар ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамадик. Бизни кечиринг. Фақат узр сўрай оламан, холос. Бугунги ҳолат учун ҳар бир футболчи номидан узр сўрайман...».
Бу фикрлар уруш сабаб жаҳон чемпионатигача деярли 4 ой ўйин амалиётисиз қолган, узоқ вақт давомида турнирдаги иштироки сўроқ остида бўлган, не-не машаққатлар ила мундиалга етиб келган, АҚШ қабул қилишни хоҳламагани учун Мексикага қўнишга мажбур бўлган жамоа ўйинчисига тегишли эди. У жамоаси билан учала ўйинда ҳам чинакамига жанг қилди ва мағлуб бўлмай, учта дуранг билан аламли тарзда турнирни тарк этди.
Аммо форслар бошларини баланд тутишлари мумкин. «Энг қария таркиб» дея масхара қилинган, фақат ўйин кунлари АҚШга киришига рухсат берилиб, ҳар гал ўйин тугаши биланоқ Мексикага қайтариб юборилган жамоа майдонда борини берди. Вазиятлардан фойдалана олганида, сўнгги ўйинни бемалол ютиши ҳам мумкин эди. Форсларнинг майдондаги иштиёқини кўриб, «улар борини бермаяпти» деган фикр заррача кўнгилдан ўтмади. Улар геосиёсий рақиб майдонидаги баҳсларни мағлубиятсиз, бошни тик тутган ҳолда якунлашди.
Ҳа, бу икки интервью ҳозир ижтимоий тармоқларда фаол таққосланмоқда. Миллий жамоанинг қониқарсиз иштирокидан сўнг шахсий орзулар тилга олингани кўпчиликнинг ғазабини келтирди. Ҳамдамов ўз орзуси амалга ошганини омма олдида мутлақо нотўғри вақтда гапириб қўйди. Бу воқеадан сўнг терма жамоа штабига матбуот билан қандай ишлашни ва ўзини қандай тутишни ўргатадиган медиа-тренер (ёки психолог) қўшиш керакмикан, деб ҳам ўйлаб қоласиз. Миллат шарафини ҳимоя қилаётган футболчи қачон, қаерда ва қандай гапиришни ҳам билиши лозим. Акс ҳолда, бундай интервьюлар орқали «кавушни тўғрилаб қўйишлар» ва бошқалар олдида кулгига қолишлар давом этаверади.
Каннаваро ҳисобот бермайди
Жаҳон чемпионатидан сўнг ЎФА раҳбарияти ва бош мураббий Фабио Каннаварога нисбатан саволлар янада кўпайди. Одатда, бундай йирик турнирлардан кейин бош мураббий иштирокида якуний матбуот анжумани ташкил этилиши керак. Аммо италиялик мутахассис Championat.asia нашрига берган интервьюсида сентябргача Ўзбекистонга келмаслигини, оиласини соғинганини таъкидлади. Миллий чемпионатни 1,5 ой аввал тўхтатиб қўйиб, мундиалга энг кўп тайёргарлик кўрган, аммо якунда қониқарсиз натижа қайд этган мураббийнинг ОАВ вакиллари билан иссиғида учрашмаслиги, ўйинлардаги тушунарсиз қарорларига изоҳ бермаслиги асло тўғри эмас.
Унинг сентябрда қайтмоқчилиги ҳам ғалати. Чунки бизда июль ойи ўрталаридан Суперлига ва кубок баҳслари давом эттирилади, августда эса Элит Осиё Чемпионлар Лигаси саралаш ўйинлари бор. Бош мураббий ва унинг штаби шу ўйинларни стадионлардан туриб кузатмайдими? Ахир, Осиё кубогига ҳам кўп вақт қолгани йўқ. Чемпионликни мақсад қилган жамоа устози Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз таркиб билан қитъада тенгсиз бўлмоқчими?
Осиё кубогида ҳам осон бўлмайди. У ерда биз каби мундиалда қатнашган ва биздан анча яхшироқ натижа қайд этган 7 та жамоа бор. Бразилияга жиддий қаршилик кўрсатиб, сўнгги дақиқадаги гол сабаб ютқазган Япония терма жамоаси ўйиндан сўнг мухлисларидан узр сўради. Бош мураббий Ҳажиме Мориясу жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олди ва мағлубиятдан хулоса чиқариб, кейинги турнирларга кучлироқ бўлиб қайтишларини таъкидлади.
Эронни-ку юқорида айтдик — форслар мундиал аламини Осиё кубогида чиқаришга бор кучи билан ҳаракат қилишади. Гуруҳда 3 очко тўплаб, кейинги босқичга чиқа олмаган Жанубий Кореяда эса президент топшириғи билан жамоа устидан текширув ишлари бошланди. Бош мураббий Ҳонг Мёнг Бо мамлакатда энг кўп нафратга сазовор инсонга айланди, телеканаллар унинг юзини худди жиноятчиларники каби хиралаштириб (блюр қилиб) кўрсатмоқда. Дўконлар ва ресторанлар эшигига унинг ичкарига кириши тақиқлангани ҳақида эълонлар ёпиштириб ташланган.
Хуллас, мундиалдан сўнг Осиёнинг бир томонида қониқарсиз натижа учун узр сўралмоқда ва жиддий ҳисоб-китоб ишлари кетмоқда. Иккинчи томонида — бизда эса мураббий ҳисобот беришдан қочиб, ватанига жўнаб кетмоқда.
Айтганча, кеча тармоқларда Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокдан сўнг Жанубий Корея миллий жамоаси бош мураббийи Ҳонг Мёнг Бо мамлакатга қайтгач, аэропортда норози мухлислар томонидан ҳақоратлар билан қарши олингани акс этган видеолар тарқалди. Мухлислар жамоанинг натижалари ва ўйинидан қаттиқ норози эканини шу тарзда намоён қилишди. Биз бундай қилмоқчи эмасдик. Бизда бунчаликка борилмайди. Лекин Каннаваро халқимизнинг бу бағрикенлиги ва ҳурматига катта ҳурматсизлик кўрсатди.
Теглар






