Энди давлат субсидиясини омонатга қўйиб, қўшимча даромад олиш мумкин
1-июлдан Ўзбекистонда «Мақсадли ипотека омонати» механизми ишга тушади.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йил 1-июлдан Ўзбекистонда «Мақсадли ипотека омонати» механизми тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, янги тизим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 24-февралдаги ПФ-29-сон фармони ижроси доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган низом асосида амалга оширилмоқда.
Янги тартибга кўра, ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш ҳақида ижобий хабарнома олган фуқаролар ихтиёрий равишда тижорат банкида махсус ипотека омонатини шакллантиради.
Омонат миқдори қайта молиялаштириладиган ипотека кредити учун талаб этиладиган дастлабки бадалнинг фуқаро ҳиссасидан кам бўлмаслиги керак. Масалан, агар уй нархининг 20 фоиз миқдорида дастлабки бадал тўлашингиз керак бўлса ва субсидия бу бадалнинг бир қисмини қопласа, қолган қисмини ўз ҳисобингиздан омонатга қўйишингиз шарт. Ушбу сумма банк томонидан тасдиқланган энг кўп кредит миқдори (ипотека дастури доирасида рухсат берилган лимит) асосида ҳисобланади.
Маълумот учун, битта квартирага ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдори Тошкент шаҳрида 480 млн сўмни, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида 380 млн сўмни ташкил этади.
Шу билан бирга, ипотека омонатини тўлиқ шакллантирган фуқаролар учун давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган дастлабки бадал субсидияси банкларнинг буюртмасига асосан олдиндан ўтказиб берилади. Омонат муддати эса 12 ойдан ошмайди.
Омонатнинг афзалликлари
Ипотека омонатида сақланаётган маблағларга банк томонидан бозор ставкаси бўйича фоиз ҳисобланади. Жамғарилган асосий маблағ ва унга ҳисобланган фоизлар кейинчалик ипотека кредити бўйича дастлабки бадални шакллантиришга мақсадли йўналтирилади. 1-май ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги банкларда миллий валютадаги (сўм) жисмоний шахсларнинг омонатлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 19,9 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, давлат томонидан ипотека кредити фоизларининг бир қисмини қоплаш бўйича амалдаги субсидия механизми ҳам сақланиб қолади. Бунда кредитнинг дастлабки беш йили мобайнида Марказий банк асосий ставкаси даражасидан юқори бўлган фоиз қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Тажриба даври
Янги механизм фуқароларга ипотека учун зарур маблағни олдиндан режали тарзда жамғариш имконини яратади. Бу эса уй-жой сотиб олиш жараёнида молиявий юкламани босқичма-босқич шакллантиришга ёрдам беради.
«Мақсадли ипотека омонати» механизми 2026-йил 1-июлдан 31-декабрга қадар тажриба-синов тартибида амал қилади. Ушбу давр якунлари асосида механизмни доимий тартибда жорий этиш бўйича қарор қабул қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уй-жой учун субсидия олиш шартлари, у кимларга ва қай тарзда берилиши ҳақида маълумот берган эдик.





