Logo

Ўзбекистонда июл ойи қандай об-ҳавода ўтади?

Bugun 16:292 daqiqa

Июл ойи Ўзбекистонда меъёрдан анча иссиқ келиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ҳарорат +45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистонда июл ойи қандай об-ҳавода ўтади?

Ўзбекистонда июл ойи одатдагидан иссиқроқ ўтиши кутилмоқда. «Ўзгидромет» прогнозига кўра, ойлик ўртача ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1,5–3 даражага юқори бўлади. Айрим ҳудудларда кундузи ҳаво ҳарорати +45 даражагача кўтарилиши мумкин.

Синоптиклар маълум қилишича, ойнинг биринчи беш куни нисбатан қулай об-ҳаво сақланиб, кундузи +30...+35 даража, жанубда +36...+39 даража кузатилади. Биринчи ўн кунлик охирига келиб эса ҳаво ҳарорати +37...+40 даражагача, жанубий ҳудудларда +41...+43 даражагача кўтарилади.

Ойнинг иккинчи ярмида ҳам жазирама сақланиб, республика бўйича ҳаво ҳарорати+ 33...+43 даража оралиғида ўзгариб туради. Республика шимоли, чўл ҳудудлари ва жанубнинг айрим жойларида ҳарорат +45 даражагача етиши мумкин.

Иссиқ кунлар кўпаймоқда

«Ўзгидромет» таҳлилларига кўра, сўнгги йилларда +40 даража ва ундан юқори ҳарорат кузатиладиган кунлар сони ортиб бормоқда. Агар 1991–2004-йилларда Тошкентда бундай кунлар одатда уч кундан ошмаган бўлса, 2005-йилдан кейин уларнинг сони изчил кўпайган.

Энг иссиқ июл ойларидан бири 2019-йилда кузатилган. Ўшанда Тошкентда кетма-кет 14 кун давомида ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқори бўлган. 2025-йил июли ҳам худди шундай иссиқ ойлар қаторига кирган.

Мутахассислар таъкидлашича, охирги ўн йилликдаги барча июл ойлари иқлимий меъёрдан иссиқроқ бўлган. Уларнинг тўққизтаси метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнта июл ойи қаторига кирган.

Ёмғир кам бўлади

Прогнозга кўра, июл ойида республика ҳудудининг катта қисмида асосан қуруқ ва ёғингарчиликсиз об-ҳаво ҳукм суради. Фақат айрим кунлари тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли маҳаллий ёмғир ҳамда момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Шунингдек, ойлик ёғингарчилик миқдори иқлимий меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда. Мутахассислар кучли иссиқ шароитида аҳолига қуёшнинг энг фаол пайтларида эҳтиёт чораларига амал қилишни тавсия этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25-июндан Ўзбекистонда ёзнинг энг жазирама палласи – қирқ кунлик чилла бошланганлигини, иссиқ об-ҳавода қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида маълумот берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid