Logo

Тошкентдаги хусусий боғчада болаларга нисбатан зўравонлик қилингани айтилмоқда

Bugun 12:152 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячиларнинг болаларга нисбатан жисмоний тазйиқ ва шафқатсиз муносабатда бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Vaqt.uz Мактабгача ва мактаб таълими матбуот хизмати билан боғланди.

Тошкентдаги хусусий боғчада болаларга нисбатан зўравонлик қилингани айтилмоқда © Videodan kadr

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги хусусий мактабгача таълим ташкилотларидан бирида тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан жисмоний тазйиқ ва шафқатсиз муносабатда бўлингани акс этган видеолавҳалар тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Vaqt.uz'га изоҳ берди.

Тарқалган видеоларда тарбияланувчиларга нисбатан бир қатор шафқатсиз ҳаракатлар содир этилганини кўриш мумкин. Хусусан, лавҳалардан бирида тарбиячи боланинг оғзига латта тиқиб, уни қийнаётгани акс этган. Яна бир видеода эса боланинг қўли эшикка қисилиб қолгани ва унинг йиғлаётганига қарамай, муассаса ходимлари томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани тасвирланган. Шунингдек, бошқа бир лавҳада тинч турган боланинг орқасидан келган тарбиячи уни сабабсиз чимчилаб ўтгани ёзиб олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолатлар пойтахтда жойлашган «Rayyan Kids» номли хусусий мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. Видеолар оммага тарқалгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айбдорларга нисбатан қатъий ва қонуний чора кўрилишини талаб қилмоқда.

Vaqt.uz мухбири ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собированинг маълум қилишича, айни пайтда ҳолат тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилган.

«Воқеанинг барча тафсилотларига аниқлик киритилади ва касб этикаси қоидаларига риоя этмаган, ҳолат учун жавобгар бўлган барча мактабгача таълим ташкилоти ходимларига қонун доирасида чора кўрилади», — дейилади вазирлик изоҳида.

Вазирлик вакили, шунингдек, лицензия талабларига жавоб бермайдиган ҳамда болалар хавфсизлигини таъминламаган ҳар қандай мактабгача таълим ташкилотининг лицензиясини бекор қилиш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Ўзбекистондаги боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик ёки шавқатсиз муносабатда бўлиш, уларни овқатдан ва бошқа маҳсулотлардан заҳарланиши билан билан боғлиқ ҳолатлар жуда кўп учрайди. Аммо вазирлик ва бошқа масъул идоралар ҳозиргача бундай кўнгилсиз ҳолатларни камайтириш борасида бирор сезиларли натижага эришган эмас.

Бир муддат аввал Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоз Каримова болаларга нисбатан зўравонлик содир этган, куч ишлатган тарбиячиларни маълум муддат тарбиячиликдан четлатилишини кўзда тутувчи қонунчилик устида ишлаётгани ҳақида маълумот берган эди.

Аввалроқ, Фарғона вилоятидаги учта боғчада 62 нафар бола оммавий заҳарланган эди. Болаларда тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар кузатилган.

Яна бир ҳолатда эса Фарғона вилоятидаги боғчалардан бирида 6 ёшли тарбияланувчи ер остига ўрнатилган юқори кучланишли трансформатор пунктига тушиб кетиб, оғир жароҳат олган. Оқибатда боланинг танасининг турли қисмлари қаттиқ куйган.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкентдаги хусусий боғчада болаларга нисбатан зўравонлик қилингани айтилмоқда | Vaqt.uz