39 миллиондан ошган аҳоли, футболчилардан айб қидирмасликка чақирган Президент ва юз миллионлаб жаримага тортилган банклар — 30 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Uzbekistan Airways» IPO'си 2027 йилга қолдирилиши мумкин
Ўзбекистон ҳукумати «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбектелеком» акцияларини халқаро фонд бозорларида жойлаштиришни 2027 йилда ўтказишни режалаштирмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, бундан олдин давлат иштирокидаги авиакомпания ва телекоммуникация корхоналарини чуқур трансформация қилиш зарур. Шунингдек, 2028–2029 йилларда бошқа давлат компанияларини ҳам IPO'га чиқариш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ «Uzbekistan Airways» акцияларининг 15–20 фоизини 2026 йил охиригача халқаро IPO орқали жойлаштириш режаси маълум қилинган эди. Янги режага кўра, компания аввал инвестицион жозибадорлигини ошириш ва ички ислоҳотларни якунлаши, шундан кейингина халқаро фонд бозорларига чиқиши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ошди
2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 млн 47 минг 321 нафарга етди. Бу жорий статистик ҳисоб-китоблардаги 38,2 миллионлик кўрсаткичдан 810,6 минг нафарга кўп. Шунингдек, 1989 йилги рўйхатга олишга нисбатан мамлакат аҳолиси икки баробарга ошган.
Дастлабки маълумотларга кўра, аҳолининг 97,3 фоизи рўйхатга олинган. Шунингдек, аҳолининг 89,4 фоизини ўзбеклар ташкил этган, 35,7 миллион нафар ёки 91,3 фоизи эса ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган.
Биржа савдоларида суюлтирилган газни сотиш чекланади
18 июнда қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, 1 августдан бошлаб биржа савдоларининг алоҳида секцияларида суюлтирилган газни фақат лицензияга эга юридик шахслар харид қилиши мумкин бўлади. Бунинг учун биржанинг онлайн ахборот тизими «Лицензия» платформаси билан интеграция қилинади.
Шунингдек, бензин ва суюлтирилган газ савдосини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи онлайн ҳисобга олиш тизими жорий этилади. Қарорга мувофиқ, ёқилғи қуйиш шохобчалари ходимларининг малакаси ҳам қатъий назорат қилинади ва 2027 йилдан сертификатсиз мутахассислар ишлайдиган шохобчалар фаолият юрита олмайди.
Марказий банк бир қанча молия ташкилотларини жаримага тортди
Марказий банк текширувлар натижасида «Uzum bank», «Ipoteka bank», «Shaffof-moliya» ва «Tezcoin» микромолия ташкилотларига нисбатан жарима қўллади. «Uzum bank» 215,5 млн сўм, «Shaffof-moliya» 201 млн сўм, «Tezcoin» 156 млн сўм, «Ipoteka bank» эса 105 млн сўм жаримага тортилди. Қоидабузарликлар орасида ахборот бериш, мурожаатларни кўриб чиқиш, кредит шартномалари ва кредит тарихи бўйича талабларга риоя этмаслик ҳолатлари қайд этилган.
Шунингдек, Марказий банк «сирли мижоз» назорати натижаларига кўра 14 та банкка жами 681,5 млн сўм жарима қўллади. Улар орасида «Agrobank»га 255 млн сўм, «Sanoatqurilishbank»га эса 119,5 млн сўм жарима белгиланган.
Президент ЖЧда иштирок этган футболчилардан айб қидирмасликка чақирди
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини баҳолар экан, футболчилардан айб қидириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, терма жамоа кучли рақибларга қарши ўйинлар орқали катта тажриба тўплади, Аббос Файзуллаев ва Элдор Шомуродов эса мамлакат тарихидаги Жаҳон чемпионатидаги илк голларни урди.
Давлат раҳбари катта ғалабалар ҳали олдинда эканини қайд этиб, футболни ривожлантириш, айниқса болалар футболига эътиборни кучайтириш ва соҳага инвестицияларни ошириш зарурлигини билдирди. Шунингдек, 2027 йил январда Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига тайёргарлик ҳозирдан бошланиши маълум қилинди.





